Майкл Кэррик "Манчестер Юнайтед"нинг ғалабали сериясига хурсанд эмас

Майкл Керрик “Манчестер Юнайтед”нинг кетма-кет тўртинчи ғалабасидан кейин жамоа муваффақият сирини топди, деб хулоса қилишга ҳали эрта эканини таъкидлади. “Манчестер Юнайтед” бу сафар “Тоттенхем”ни 2:0 ҳисобида енгиб, APЛ жадвалида 4-ўринга кўтарилди. Керрик ҳар бир ғалаба катта меҳнат, тайёргарлик, сабр ва босим эвазига келаётганини, кейинги ўйинда ҳам натижа ўз-ўзидан такрорланмаслигини уқтирди.
Англия Премьер-лигасида “Манчестер Юнайтед” сўнгги турларда жуда ишончли қадам ташлаяпти. Манкунианликлар кетма-кет тўртинчи бор ғалаба қозониб, бу сафар “Тоттенхэм”ни ҳам 2:0 ҳисобида енгишга муваффақ бўлди. Натижа бор, кайфият бор, мухлисларда умид бор — лекин бош мураббий Майкл Кэррикнинг сўзларига қараганда, “ҳали эрта” деган тормоз ҳам бор.
Ушбу муваффақиятли сериядан кейин “Юнайтед” айни пайтда АПЛ жадвалида 4-ўринга жойлашди. Энг яқин таъқибчисидан бор-йўғи бир очко олдинда бораётган жамоа учун ҳар бир тур — деярли финалга тенг. Бир хатолик ва позиция “қўлдан учади”, бир ғалаба ва жамоа яна юқорига силжийди.
Кэррикнинг фикрича, бу тўртта ўйиннинг ҳар бири алоҳида синов бўлган. У жамоа “муваффақиятнинг сирини топди” деган гапларга шошилмаяпти. Аксинча, устоз ғалаба келгани яхши, аммо унинг ортида қанчалик меҳнат, тайёргарлик, сабр ва босим борлигини унутмаслик кераклигини таъкидлади.
“Ғалабалардан роҳатланиш муҳим. Биз айнан шу учун меҳнат қиламиз. Эмоция бўлмаса, ҳаммаси маъносини йўқотади. Лекин энг асосийси — ҳар бир ютуқ осон келмаганини ҳис қилиш. Бу даражада ютиш доим оғир. Шунинг учун кейинги ўйинда ҳам иш “ўзи-ўзидан” яхши бўлиб кетади, деб ўйлаш хато”, мазмунидаги гаплари билан Кэррик жамоани ҳам, мухлисларни ҳам ерга тушириб қўйди.
Қисқаси, “Юнайтед” ҳозир кайфиятда, лекин Кэррик “осмонга чиқиб кетмайлик” деган режимни ёқиб қўйган. Чунки АПЛда бир кун сен қирол, эртаси сенга мем тайёр.































Изоҳлар 0
…