"Ан-Наср" Роналдуни сотишга тайёр: биринчи харидор маълум бўлиши мумкин

Саудия Арабистонининг машҳур клуби — "Ан-Наср" раҳбарияти мамлакат Профессионал лигасининг энг таниқли юлдузларидан бири — Криштиану Роналду билан хайрлашиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Манбаларга кўра, клуб мутасаддилари жаҳон футбол тарихида энг кўп гол урган футболчилардан бири ҳисобланган Роналдуни Англия клубларига таклиф қилиб, унинг трансфер нархини 40 миллион фунт стерлинг атрофида белгилаган.
TopSkills нашри хабар беришича, Premier League жамоаларидан учтаси бу таклифга зудлик билан рад жавобини берган.
Шунга қарамай, "Ан-Наср" раҳбарияти португалиялик юлдуз учун янги жамоа топиш бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Айни пайтда Роналдуни трансфер қилиш ғоясига Лиссабоннинг "Sporting" клуби жиддий қизиқиш билдираётгани айтилмоқда. Қайд этиш жоиз, Криштиану Роналду айнан шу жамоада профессионал фаолиятини бошлаган.
Маълумот учун, Роналду 2022 йил 30 декабрь куни эркин агент сифатида “Ан-Наср” билан расман шартнома имзолаган. 2025 йил июнь ойида эса унинг шартномаси 2027 йилнинг ярмигача узайтирилган эди.
Очиқ манбаларда келтирилишича, португалиялик суперюлдуз айни пайтда спорт тарихидаги энг юқори маош эгалари қаторида туради. Унинг умумий даромади тижорат бонуслари билан бирга шартнома муддати давомида 400 миллион АҚШ долларидан ошиб кетиши айтилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!