Моуриньо мураббий сифатида Мессидан кўп нарса ўрганганини айтди

Португалиялик таниқли мутахассис Жозе Моуриньо ҳозирда Лиссабоннинг “Бенфика” клубини бошқарар экан, “Барселона”нинг собиқ ҳужумчиси Лионел Месси билан бўлган қарама-қаршиликлар фаолиятида муҳим рол ўйнаганини таъкидлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Моуриньонинг сўзларига кўра, Месси билан тўқнаш келиш унга мураббий сифатида ўсиш имконини берган: ҳар сафар унинг жамоаси “Барселона”га қарши майдонга тушганида, асосий эътибор аргентиналик юлдузни қандай тўхтатиш масаласига қаратилган.
Transfer News Live ижтимоий тармоқларда келтирган иқтибосда “Махсус” лақабли мураббий айнан Мессига қарши режалар тузиш, тактика устида ишлаш уни янада кучли мутахассисга айлантирганини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, Моуриньо аввалроқ Мадриднинг “Реал”и, Лондоннинг “Челси”си ҳамда бошқа бир қатор клубларда ишлаган.
Лионел Месси ҳозирда АҚШнинг “Интер Майами” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.
Шунингдек, хабарларга кўра, бир топ терма жамоа Моуриньони бош мураббийликка олиб келиш масаласини кўриб чиқмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!