Гарри Кейн топ лигаларда 300 гол урган тўққизинчи футболчи бўлди

"Бавария" ҳужумчиси Гарри Кейн Европанинг беш етакчи чемпионатида 300 та гол чегарасига етган футболчилар сафидан жой олди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Англиялик форвард ушбу маррани забт этган тарихдаги тўққизинчи футболчига айланди. Кейннинг юбилей — 300-голи Бундеслига доирасида "Вердер"га қарши шанба кунги баҳсда (3:0) киритилди.
Унга қадар 300 ва ундан кўп гол уришга Лионел Месси, Криштиану Роналду, Роберт Левандовски, Жимми Гривз, Герд Мюллер, Стив Блюмер, Дикси Дин ҳамда Златан Ибрагимович эришган.
Топ лигалардаги умумий голлар бўйича етакчи ҳозирча Месси — 396 та. Роналду эса атиги бир гол ортда. Ҳар иккаласи ҳам фаолиятини давом эттирмоқда, бироқ ҳозир Европадан ташқарида тўп сурмоқда.
Кейн "Бавария"га ўтишидан олдин узоқ йиллар "Тоттенҳем" шарафини ҳимоя қилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!