«Барселона» президентлигига номзод Кейнни олиб келмоқчи

Каталониянинг «Барселона» клуби тарихан инглиз футболчилари билан унчалик ҳам яқин бўлмаган, бироқ вазият аста-секин ўзгармоқда. Жамоада аллақачон Маркус Рэшфорд тўп сурмоқда, келажакда эса унга яна бир машҳур инглиз ҳужумчиси — Гарри Кейн ҳам шерик бўлиши мумкин. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Клуб президентлигига номзод Хавьер Вильяоана сайловда ғалаба қозонса, Кейнни жамоага таклиф қилиш ниятида эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, «Барселона» ҳужум чизиғига жарима майдонида ҳал қилувчи зарба бера оладиган, совуққон якунловчи футболчи зарур.
Вильяоана Кейннинг атрофидагилар билан алоқалар йўлга қўйилганини ҳам таъкидлаб, трансфер масаласида профессионал ёндашув кераклигини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, «Барселона» 2022 йилда Роберт Левандовскини айнан «Бавария»дан ўз сафига қўшиб олганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!