Гвардиола АПЛ рекордини янгилаган Милнерни табриклади

«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия Премьер-лигасида ўйинлар сони бўйича рекорд ўрнатган Жеймс Милнер ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Шанба куни «Брайтон» ярим ҳимоячиси АПЛдаги 654-учрашувини ўтказиб, лига тарихидаги энг юқори кўрсаткични қайд этди. 40 ёшли футболчи шу тариқа бу борада аввал етакчи бўлиб турган Гарет Беррини ортда қолдирди.
«Матбуот анжуманини бошлашдан аввал, бутун “Манчестер Сити” номидан Жеймс Милнерни табрикламоқчиман. Бугун у ақлбовар қилмас маррага етиб, лига тарихида энг кўп ўйин ўтказган футболчига айланди. Бу — фантастик натижа, қалпоқ ечаман!
Унинг барқарорлиги, футболга бўлган муҳаббати таҳсинга лойиқ. Биламан, у кейинчалик зўр гольфчи ҳам бўлади, аммо футболдаги ютуқлари ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли. Шунинг учун клубимиз номидан уни қутлайман, ахир у бир пайтлар бу ерда тўп сурган», — дея Гвардиоланинг сўзларини City Xtra келтирди.
Милнер «шаҳарликлар» сафида Гвардиола келишидан олдин — 2010 йилдан 2015 йилгача тўп тепган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!