Гарри Кейн «Барселона» билан миш-мишларга муносабат билдирди

Мюнхеннинг «Бавария» клуби ҳужумчиси Гарри Кейн «Барселона»га эҳтимолий трансфери ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ берди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Аввалроқ каталонияликлар президенти Ҳавиер Вилахоана инглиз футболчиси атрофида музокаралар бўлаётгани ҳақида маълумот берганди.
Кейн эса Sky Sport’га берган интервьюсида бу борада ҳеч қандай хабари йўқлигини айтди: «Буни мен эшитмаганман. Бу ишлар билан отам ва акам шуғулланади, лекин улар ҳам менга бу ҳақда ҳеч нарса демаган. Мен фақат шуни такрорлайман: «Бавария»да ўзимни бахтли ҳис қиляпман, бор эътиборим ҳозирги клубимда. Бироқ бу гапларни комплимент сифатида қабул қиламан», — деди у.
32 ёшли форварднинг мюнхенликлар билан амалдаги шартномаси 2027 йилгача мўлжалланган. Миш-мишларга кўра, «Барселона» Кейнни Роберт Левандовскининг ўрнини босувчи номзод сифатида кўрмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!