date

"МЯЧ Production" Абдуқодир Ҳусановни "Осиёнинг энг зўри" деб атади

"МЯЧ Production" Абдуқодир Ҳусановни "Осиёнинг энг зўри" деб атади

Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”даги барқарор ва ишончли ўйини орқали нафақат мухлислар, балки турли мамлакатлардаги таҳлилчилар диққатини ҳам ўзига тортмоқда. Бу эътибор, албатта, тасодиф эмас: 21 ёшли футболчи энг мураккаб паллада “шаҳарликлар” ҳимоя чизиғида муҳим фигурага айланиб, жамоанинг натижаларида сезиларли улуш қўшяпти.

Айниқса, жамоадаги ҳимоячилар билан боғлиқ қийин вазиятда Ҳусановнинг роли янада очилди. Рубен Диаш, Йошко Гвардиол, Жон Стоунз каби етакчи марказий ҳимоячилар жароҳат олган пайтда, Хосеп Гвардиола ҳимоядаги асосий масъулиятни айнан Абдуқодир зиммасига юклади. Ва энг қизиғи — у бу босимни “оғир юк” эмас, ўсиш имкониятига айлантира олди. Гвардиола қийин дақиқаларда Ҳусановга суянаётгани ҳам унинг ўйин даражаси кўтарилаётганидан далолат.

Шу фон ортида Ютубдаги “МЯЧ Production” лойиҳаси эксперти Александр Журавлёв қитъалар кесимида энг яхши футболчиларни танлаш жараёнида Абдуқодир Ҳусановга алоҳида тўхталди. Таҳлиллар якунида лойиҳа ижодкорлари Ҳусановни Осиё қитъасининг бугунги кундаги энг кучли футболчиси, деб эътироф этди. Қизиғи, бу ном учун йиллар давомида доимий даъвогар бўлиб келган Сон Хён Мин ва Такефуса Кубо ҳозирча Ҳусановдан ортда қолгани айтилди.

Александр Журавлёв бу танловни шундай изоҳлади:
- Танлов қилиш осон эмас. Сон энди аввалги даражада эмас, Кубо жуда кучли, лекин сўнгги пайтларда ўйинида пасайиш бор. Шунинг учун энг зўр — Ҳусанов. Ҳозир айнан у Осиёнинг энг яхши футболчиси. Абдуқодир “Сити”да ўйнайди ва майдонга тушганда натижа беради.

“МЯЧ Production” талқинига кўра қитъалар бўйича энг яхши футболчилар рўйхати ҳам эълон қилинди:
- Европа — Килиан Мбаппе
- Африка — Ашраф Ҳакими
- Жанубий Америка — Рафинья
- Шимолий Америка — Кристиан Пулишич
- Осиё — Абдуқодир Ҳусанов

Ҳусановнинг Осиёда энг яхши деб топилиши унинг АПЛдаги ўйинига қаралса, кўпчилик учун мантиқий кўринади. Чунки у “Манчестер Сити”да шунчаки ўйнаб юрган футболчи эмас — у “система”нинг бир бўлагига айланиб улгурди.

Абдуқодир ўз имкониятини тўлиқ ишлатди:

  • кетма-кет 12 та ўйинда асосий таркибда майдонга тушди;
  • тўпни тортиб олишда ишончли ҳаракатлари билан кўзга ташланди;
  • прессинг остида совуққонлик сақлаб, тўпни тоза чиқара олишини кўрсатди;
  • жисмоний жиҳатдан бақувватлиги энг оғир вазиятларда жамоага фойда берди.

Натижада у фақат тажрибали ҳимоячилар ўрнини “тўлдириб қўйган” эмас, балки мавсумнинг ҳозирги қисмида “шаҳарликлар”нинг энг барқарор ўйинчиларидан бири сифатида кўринаяпти.

Мутахассислар хулосасига кўра, Абдуқодир Ҳусанов фақат иқтидор эгаси эмас — у замонавий футбол талабларига мос, универсал ҳимоячи. Шунинг учун уни “Осиёнинг энг яхши футболчиси” дея аташ — кўпчилик учун кутилмаган сенсация эмас, аксинча, майдонда кўрсатилган меҳнат ва натижанинг табиий баҳосидир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » "МЯЧ Production" Абдуқодир Ҳусановни "Осиёнинг энг зўри" деб атади