"Эвертон"га қарши ўйиндан сўнг Майкл Кэррикнинг сабоқлари...

АПЛнинг 27-турида “Эвертон”га қарши баҳсдан сўнг “Манчестер Юнайтед” бош мураббийи Майкл Кэррик учрашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. У Премьер-лигада ҳар бир очко, ҳар бир ғалаба қанчалик қийин келишини алоҳида таъкидлар экан, жамоа айнан шу муҳитда “пишиб”, тажриба тўплаб бораётганини айтди.
— Бу Премьер-лига. Бу ерда ўйин ютиш осон эмас, лекин биз ўрганяпмиз. Умуман олганда, ўйин биз учун яхши ўтди, — деди Кэррик.
Мураббийнинг фикрича, жамоа ўйинни назорат қилишга ҳаракат қилган, аммо асосий муаммо ҳужумнинг ҳал қилувчи қисмида — охирги учдан бир ҳудудда ўзини кўрсатган. Яъни, тўпни олдинга олиб чиқиш бор, вазият яратишга интилиш бор, лекин энг охирги зарбада “учқун” етишмаган.
— Ҳужумнинг охирги учдан бирида бироз чаққонлик, ижодкорлик етишмади. Жарима майдонида кучлироқ бўлишимиз керак эди, — дея қўшимча қилди у.
Шунга қарамай, Кэррик ўйин охирида яратилган хавфли вазиятлар ва гол жамоага ишонч берганини таъкидлади. У бу ҳолатни муҳим сигнал деб ҳисоблайди: ҳатто жамоа энг юқори формада бўлмаган пайтда ҳам натижа олиш мумкин.
— Бу бизга ишонч ва кураш руҳини беради. Демак, энг яхши ҳолатда бўлмасак ҳам, барибир муваффақиятга эришишимиз мумкин, — деди у.
Кэррик ҳужум чизиғи ҳақида ҳам алоҳида тўхталди. Унинг айтишича, олдиндаги футболчилар турли кучли жиҳатларга эга ва бир нечта ролни бажара олади. Шу “кўп функциялилик” жамоанинг муҳим устунликларидан бири экан.
— Ҳужумдаги йигитларнинг ҳар бири турли кучли томонларга эга, улар турли ролларда ўйнай олади — бу бизнинг плюс. Баъзи ўйинларда улар ўз позициясида эмас, бошқа ўринда ҳаракат қилади. Агар улар вазифасини тўғри тушуниб, яхши бажарса, мен бунга қарши эмасман. Бу бизга мослашувчанлик беради, — дея якунлади мураббий.
Қисқаси, Кэррикнинг мессежи аниқ: жамоа ўсиш йўлида, натижа бор, лекин ҳужумда янада “ўткирлик” қўшилса, “Юнайтед”нинг ўйини ҳам, таблодаги рақамлар ҳам янада ёқимли кўриниш олади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!