«Ал-Наср» аутсайдер майдонида 5 гол урди, Роналду ҳам гол муаллифи

Саудия Арабистони чемпионатининг 23-турида Ар-Риёднинг «Ал-Наср» жамоаси сафарда турнир жадвалининг энг қуйи поғонасида бораётган «Ал-Нажма» билан тўқнашди ва йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Учрашув аввалида Жоау Фелишнинг узатмасидан кейин хавфли вазият юзага келди, бироқ унинг зарбаси тўсинга тегди. Кўп ўтмай «Ал-Наср» пенальти орқали ҳисобни очди: 11 метрлик нуқтадан Криштиану Роналду аниқ зарба бериб, дарвозабоннинг сакрашига қарамай тўпни бурчакка жойлади — 0:1.
31-дақиқада Садио Мане чап қанотдан ҳужумни тезлатди, Марсело Брозович жарима майдонига пас узатди ва Кинглсли Коман бурилиб зарба бериб, ҳисобни 0:2 га етказди. Биринчи бўлим охирларида бурчак зарбасидан кейин Иниго Мартинес узоқ масофадан паст зарба йўллади, дарвозабон эса кутилмаганда тўпни оёқлари орасидан ўтказиб юборди — 0:3.
Иккинчи тайм бошида Мане Роналдуга яккама-якка имконият яратиб берди, аммо португалиялик бу сафар дарвозабонни доғда қолдира олмади. 52-дақиқада эса Наваф ал-Бушайл жарима майдонига ёриб кириб, тўпни марказга узатди: Роналду зарба бермай, чап томонга пас берди ва Мане тўпни тўсин остига михлаб қўйди — 0:4.
Меҳмонлар яна бир неча бор хавфли ҳужумлар уюштирди: Ал-Ҳамдан зарбасида тўсин ёрдамга келди, Симакан эса ўткир бурчакдан йўллаган зарбасида дарвозабондан ўта олмади. Якунда бурчакдан оширилган тўпни Иниго Мартинес бош билан узоқ бурчакқа йўллаб, дубл қайд этди — 0:5.
Шу тариқа «Ал-Нажма» турнир жадвалининг энг пастида қолмоқда, «Ал-Наср» эса 2 очколик устунлик билан пешқадамликни сақлаб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!