Кейн дублдан сўнг Левандовски рекордига муносабат билдирди

Мюнхеннинг «Бавария» клуби ҳужумчиси Гарри Кейн навбатдаги учрашувдан кейин ҳам Роберт Левандовскининг Бундеслига рекордига доир саволларга жавоб қайтарди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Поляк футболчи 2020/21 йилги мавсумда «Бавария» сафида Бундеслигада 41 та гол уриб, тарихий натижа қайд этганди. Шанба куни дортмундлик «Боруссия»га қарши баҳсда Кейн дубл муаллифига айланди ва энди мавсум якунига қадар 10 тур қолганида унинг ҳисобида 30 та гол бор.
32 ёшли англиялик форварднинг айтишича, ҳар ўйиндан кейин ундан Левандовски рекорди ҳақида сўрашларини яхши билади, бироқ олдинда ҳали кўплаб ўйинлар бор. Кейн барқарорликни сақлаш зарурлигини таъкидлади ва апрел охирига бориб бу мақсад қанчалик амалга ошишини кўриш мумкинлигини қўшимча қилди.
Дортмундда ўтган баҳсда «Бавария» «Боруссия»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Винсент Компани жамоаси турнир жадвалида «асалари»дан устунлигини 11 очкогача оширди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!