Арбелоа «Реал» «Манчестер Сити»га қарши тўлиқ тайёр бўлади

Мадриднинг «Реал» жамоаси бош мураббийи Алваро Арбелоа Европа Чемпионлар лигасидаги «Манчестер Сити»га қарши бўладиган баҳс олдидан фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мутахассиснинг таъкидлашича, икки гранд жамоа ўртасидаги тўқнашув мухлислар учун томоша жиҳатидан жуда қизиқарли кечади. Арбелоа «Реал» ишқибозлари рақибнинг кучи туфайли бу учрашувни янада алоҳида баҳолашини айтиб, керакли пайт келганда жамоа тўлиқ тайёр бўлишини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, «Реал» ва «Манчестер Сити» Чемпионлар лигаси 1/8 финалида тўқнаш келади. Дастлабки ўйин 11 март куни Мадридда, жавоб учрашуви эса 17 март куни Манчестерда бўлиб ўтади.
Ўтган мавсумги Чемпионлар лигасида «қироллик клуби» «шаҳарликлар»ни плей-офф босқичида ортда қолдирганди — 3:2 ва 3:1.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!