«Реал» яна қоқилди: энди чемпионлик пойгаси янада кескинлашди

Испания чемпионатининг 26-турида кутилмаган натижа қайд этилди: «Реал» ўз майдонида ҳамшаҳари «Хетафе»ни қабул қилиб, минимал ҳисобда мағлуб бўлди. «Сантьяго Бернабеу»да кечган баҳсда меҳмонлар бир имкониятдан унумли фойдаланди, мадридликлар эса босимга қарамай, жавоб голини топа олмади. Ушбу мағлубият «қаймоқранглилар» учун нафақат очко йўқотиш, балки чемпионлик курашида жиддий зарба бўлди.
Учрашув тақдирини 39-дақиқада Мартин Сатриано ҳал қилди. Унинг биринчи бўлимдаги аниқ зарбаси «Хетафе»га катта ғалаба олиб келди. Қолган дақиқаларда «Реал» кўпроқ тўп назоратига эга бўлди, кўп ҳужум қилди, аммо меҳмонлар ҳимояси ва дарвозабоннинг ишончли ҳаракатлари сабаб ҳисоб ўзгармади. ESPN статистикасига кўра, мадридликлар тўпга 77 фоиздан ортиқ эгалик қилди, бироқ бу устунлик таблода акс этмади.
Ла Лига. 26-тур
Реал — Хетафе 0:1
2 март, «Бернабеу»
Гол: Сатриано (39).
Реал — Куртуа, Трент (Карвахал, 55), Рюдигер, Алаба (Ҳейсен, 55), Каррерас, Валверде, Чуамени (Диас, 87), Гулер (Мастантуоно, 69), Питарч (Родриго, 55), Гонсало, Винииус.
Хетафе — Сориа, Иглесиас, Домингес, Боселли, Ромеро, Рико, Фемениа (Лисо, 58), Миля, Арамбарри, Сатриано (Абкар, 90+1), Васкес (Мартин, 69).
Огоҳлантиришлар: Фемениа (8), Арамбарри (35), Рико (64), Ҳейсен (68), Чуамени (71), Лисо (79), Сатриано (84), Каррерас (90+4), Винисиус (90+4).
Четлатишлар: Мастантуоно (90+5), Лисо (90+7).
Бу натижадан сўнг Альваро Арбелоа бошқараётган жамоа кетма-кет иккинчи мағлубиятини қабул қилди ва 60 очко билан иккинчи ўринда қолди. Пешқадам «Барселона» эса 64 очко билан олдинга чиқиб кетган, демак, эндиликда орада 4 очколик фарқ бор. Мавсум ҳали давом этаётган бўлса-да, бу йўқотиш Мадрид клубининг чемпионлик режаларига совуқ туширди.
«Хетафе» учун эса бу шунчаки навбатдаги ғалаба эмас, балки мавсумнинг энг ёрқин натижаларидан бири бўлди. Қаттиқ тартиб, сабр ва интизом эвазига улар 32 очкога етди ва жадвалда 11-поғонага кўтарилди. Қисқаси, кичик имкониятдан катта фойда чиқариш борасида меҳмонлар бу сафар ҳақиқий намуна кўрсатди.
Учрашув сўнгги дақиқаларда янада асабий тус олди. Қўшимча вақтда «Реал» футболчиси Мастантуоно тўғридан тўғри қизил карточка олди, «Хетафе»дан эса заҳирадан тушган Адриан Лисо иккинчи сариқ ортидан майдонни тарк этди. Шу тариқа, баҳс фақат сенсацион ҳисоб билан эмас, балки кескин охири билан ҳам мухлислар ёдида қолди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!