Файзуллаев ва Шомуродовнинг бугунги ўйини қандай баҳоланди?

Туркия Суперлигасининг 25 турида "Истанбул Башакшеҳир" жамоаси ўз майдонида "Гёзтепе" клубини қабул қилди. Қизиқарли кечган учрашувда мезбонлар 2:1 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритди. Ушбу ўйинда ўзбекистонлик легионерлар Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев ҳам иштирок этди.
Миллий терма жамоамиз сардори Элдор Шомуродов учрашувни тўлиқ майдонда ўтказган бўлса, 22 ёшли иқтидорли ҳужумчимиз Аббосбек Файзуллаев иккинчи бўлим бошида захирага олинди. Эътиборли томони шундаки, Файзуллаев жамоасининг дастлабки голига ҳаммуаллифлик қилиб, ўз ҳисобига ассист ёздириб қўйишга эришди.
Учрашув якунлангач, нуфузли спорт таҳлил порталлари ҳамюртларимизнинг ҳаракатларини турлича баҳолади. Хусусан, Fotmob нашри Аббосбекка 7.1 балл, Элдорга эса 6.8 балл берди. Sofascore портали мутахассислари эса бунинг аксини қайд этиб, Файзуллаэвни 6.8 баллга, Шомуродовни 7.1 баллга лойиқ кўрди.
Яна бир машҳур статистика сайти Flashscore ўзбекистонлик ёш ҳужумчининг ўйинига юқори баҳо бериб, унга 7.3 балл қўйди. Тажрибали ҳужумчимиз Шомуродовнинг ҳаракатлари эса ушбу портал томонидан 6.1 балл билан баҳоланди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, "Истанбул Башакшеҳир" ўзининг навбатдаги учрашувини 14 март куни Туркиянинг кучли жамоаларидан бири "Галатасарой" клубига қарши ўтказади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!