«Реал Мадрид» Родри трансфери бўйича якуний қарорини маълум қилди

Испаниянинг "Реал Мадрид" клуби "Манчестер Сити" яримҳимоячиси Родри билан боғлиқ трансфер миш-мишларига расман муносабат билдирди. AS нашри хабарига кўра, мадридликлар ёзги трансфер ойнасида таркибни кучайтиришни режалаштираётган бўлса да, испаниялик футболчи клубнинг асосий нишонлари рўйхатига киритилмаган.
Клуб раҳбарияти Родри "Сантьяго Бернабеу" стадионида фақат Европа Чемпионлар лигаси доирасидаги ўйинларда рақиб сифатида майдонга тушиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бундай қарорга бир нечта омиллар, жумладан, "Реал Мадрид"нинг ёш ва истиқболли футболчиларга таянишга қаратилган стратегик сиёсати ҳамда яримҳимоячининг ўтган йили олган жиддий жароҳати сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилги "Олтин тўп" соҳиби ҳисобланган Родрининг "Манчестер Сити" билан амалдаги шартномаси 2027 йилга қадар мўлжалланган. Айни дамда футболчи "шаҳарликлар" билан ҳамкорликни узайтириш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. Жорий мавсумда у инглиз клуби сафида 24 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол уришга муваффақ бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!