date

Хави Лапортани айблади: "Барселона"ни унинг куёви бошқаришини айтди...

Хави Лапортани айблади: "Барселона"ни унинг куёви бошқаришини айтди...

«Барселона»нинг собиқ футболчиси ва бош мураббийи Хави клубдаги ички муҳит ҳақида жуда оғир баёнот берди. Унинг айтишича, Каталония клуби расман президент Жоан Лапортага қарашли бўлса-да, амалда қарорлар бошқа бир таъсирли шахс қўлида қабул қилинади.

Хавининг таъкидлашича, у айнан Лапорта сабаб “Барса”га келган, аммо кейин охир-оқибат президентнинг ўзи уни “сотиб кетган”дай ҳис қолдирган. Мутахассиснинг сўзларига кўра, уни бош мураббийликдан кетказиш жараёни очиқ ва тўғридан-тўғри олиб борилмаган: ҳақиқат айтилмасдан, сабаблар тўлиқ тушунтирилмасдан қарор чиқарилган.

Хави бу қарорда Лапортанинг собиқ куёви ва маслаҳатчиси сифатида тилга олинадиган Алехандро Эчеварриянинг таъсири катта бўлганини айтади. Унинг фикрича, айнан шу шахс президентдан ҳам юқори турадиган даражада таъсирга эга ва амалий жиҳатдан клубнинг муҳим қарорларини “йўналтиради”.

«Лапорта туфайли “Барса”га келгандим, аммо охир-оқибат айнан у менга хиёнат қилди. Нега? У ҳақиқатни айтмасдан мени бош мураббийлик лавозимидан бўшатди. Бу қарор президентдан ҳам юқори туради, деб ҳисобланадиган одам — Алехандро Эчеваррия таъсири остида қабул қилинди. Бошқача айтганда, мени айнан Алехандро ишдан бўшатди», — дея Хавининг сўзларидан иқтибос келтирилади.

Энг кескин нуқта эса шундаки, Хави “Барса”нинг тузилиши шундай эканини, амалда клубни айнан Алехандро Эчеваррия бошқараётганини айтган. Қизиғи, у ўша инсон билан аввал яқин ва дўстона муносабатда бўлганини ҳам қўшимча қилган. Аммо айнан шу дўстлик фонидаги қарор Хавини қаттиқ ранжитган.

Шу билан бирга, Хави аввалроқ ҳам Лапорта атрофидаги муҳит ОАВ орқали унга қарши салбий кайфият шакллантиргани, баъзи футболчилар олдида уни ёмон кўрсатишга уринишлар бўлгани ҳақида гапирганди.

Қисқаси, Хавининг интервьюси “Барселона” атрофидаги ички сиёсат қанчалик мураккаб эканини яна бир бор кўрсатди. Энди эса асосий савол — бу баёнотларга клуб қандай жавоб қайтаради ва Лапорта жамоатчилик олдида қандай позиция тутади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Хави Лапортани айблади: "Барселона"ни унинг куёви бошқаришини айтди...