Родри ҳакамларни танқид қилгани учун жаримага тортилди

Англия футбол ассоциацияси FA "Ман Сити" клуби етакчиси Родрига нисбатан интизомий чора кўришга қарор қилди. Испаниялик ярим ҳимоячи APLнинг 24 тури доирасида "Тоттенхем"га қарши кечган ва 2:2 ҳисобида якунланган баҳсдан сўнг ҳакамлар ишини очиқчасига танқид остига олгани учун жазоланди.
Можарога "Тоттенхем" ҳужумчиси Доминик Соланке томонидан киритилган гол сабаб бўлди. Родри бош ҳакам Роберт Жонснинг қароридан норози бўлиб, ўйин давомида қоида бузилиши юз берганини таъкидлади. У ўз интервьюсида "Ман Сити" жуда кўп ғалаба қозонгани учун одамлар уларнинг муваффақиятини истамаслигини ва ҳакамлар нейтрал бўлиши шартлигини айтиб ўтган эди. Футболчининг бу сўзлари ҳакамнинг холислигига шубҳа уйғотувчи ва нохолисликка ишора қилувчи баёнот сифатида баҳоланди.
FA ушбу ҳолатни "номақбул хулқ атвор" деб таснифлади. Якуний қарорга кўра, Родри 80 000 фунт стерлинг миқдорида жаримага тортилди ва унга расмий огоҳлантириш берилди. Маълум бўлишича, суриштирув жараёнида "Ман Сити" вакили ўз айбини тўлиқ тан олган. Ушбу воқеа APLда ҳакамлар ва футболчилар ўртасидаги муносабатлар ҳамда ўйин қоидалари бўйича баҳслар қанчалик кескин тус олиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатиб берди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!