«Галатасарой» Чемпионлар лигасида «Ливерпуль»ни мағлуб этди

Европа Чемпионлар лигасининг 1/8 финал босқичи доирасида Истанбулда қизиқарли тўқнашув бўлиб ўтди. «Галатасарой» ўз майдонида Англиянинг нуфузли клуби «Ливерпуль»ни қабул қилди. Мухлислар билан тўла стадионда кечган баҳс мезбонларнинг минимал ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувнинг бошидаёқ ташаббусни қўлга олган турк клуби тезкор голга муваффақ бўлди. Ўйиннинг 7 дақиқасида Лемина рақиб дарвозасини аниқ нишонга олиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Қолган вақт давомида «Ливерпуль» мувозанатни тиклашга ҳаракат қилган бўлса-да, «Галатасарой» ҳимояси ва дарвозабон Угуржан ишончли ўйин кўрсатиб, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
Меҳмонлар сафида бош мураббий ўйин давомида таркибда бир қатор ўзгаришларни амалга оширди. Хусусан, иккинчи бўлимда Робертсон, Гакпо ва Фримпонг каби футболчилар майдонга туширилган бўлса-да, бу ўзгаришлар якуний натижага таъсир қилмади. «Ливерпуль» таркибида Салоҳ ва ван ван Дейк каби юлдузлар ҳаракат қилган бўлса-да, мезбонларнинг уюшқоқ ўйини инглиз клубига қийинчилик туғдирди.
Ушбу қарама-қаршиликнинг жавоб учрашуви 19 март куни Англияда бўлиб ўтади. «Ливерпуль» ўз уйида мухлислари кўмагида вазиятни ўнглашга уриниб кўради, «Галатасарой» эса ушбу кичик устунликни сақлаб қолиш ва чорак финал йўлланмасини қўлга киритиш учун ҳаракат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!