“Реал” ёзги трансфер ойнасида олти футболчи сотиб олмоқчи

Мадриднинг машҳур гранди — «Реал Мадрид» келаси ёз трансфер ойнасида таркибни жиддий равишда янгилашни режалаштирмоқда. Клуб раҳбарияти жамоани янада рақобатбардош қилиш ва позицияларни мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор харидларни амалга оширишни кўзламоқда.
Cadena SER нашри хабар беришича, «қироллик клуби» келаси трансфер даврида жами олти нафар янги футболчини сафига қўшиб олиш ниятида. Бу харидлар қанот ҳимоячилари, марказий ҳимоячи, таянч ярим ҳимоячи, плеймейкер, ўнг қанот вингери ва марказий ҳужумчи позицияларини қамраб олиши мумкин.
Мадридликлар шорт-листни аллақачон тайёрлаб қўйган ва асосий эътибор ярим ҳимоя чизиғини кучайтиришга қаратилган. Чунки жамоада узоқ йиллар давомида ҳал қилувчи рол ўйнаган Тони Кроос ва Лука Модрич каби усталарнинг вазифасини бажара оладиган янги плеймейкер топиш долзарб аҳамиятга эга.
Манбага кўра, бу позиция учун асосий номзод сифатида Витинья кўрилмоқда. Ҳозирда португалиялик ярим ҳимоячи «ПСЖ» сафида тўп сураётган бўлиб, мадридликлар диққат марказида турибди.
Шу билан бирга, клуб ҳужум чизиғини ҳам кучайтиришни режалаштирган. Ёш истеъдод эгаси Эндрик ижарадан кейин «Лион»дан қайтгач, «Реал Мадрид» ҳужумини янада серқувват қилишни кўзламоқда.
Бундан ташқари, иқтидорли ярим ҳимоячи Нико Пас ҳам эҳтимолий равишда «Комо»дан ўзининг собиқ клуби — «Реал Мадрид» сафида қайтиши мумкин.
Қисқаси, мадридликлар келаси мавсум олдидан таркибни жиддий янгилашга тайёргарлик кўрмоқда. Агар режалар амалга ошса, «Реал Мадрид» янада кучли, мувозанатли ва рақобатбардош таркиб билан янги мавсумга кириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!