22:30 / 27.03.2017
3 189

Оғир ҳаракат самараси «0» ёхуд терма жамоамиз ўйинига яна бир назар

Оғир ҳаракат самараси «0» ёхуд терма жамоамиз ўйинига яна бир назар
Ўзбекистон миллий жамоаси Россия-2018 мундиали йўлида навбатдаги саралаш учрашувида шундай суст кўриндики, ҳафсала йўқотмаган мухлис қолмади, ҳисоб. Боз устига, Сурия термасига қарши учрашув Шом юртидаги сиёсий беқарорлик туфайли нейт­рал ҳудуд - Малайзияда ташкилланди. Шуни назарда тутган мухлисларимиз Самвел Бабаян шогирдларининг ортга 3 очко билан қайтишларига қаттиқ ишонишганди. Қолаверса, стадионда йиғилган атиги 350 нафар мухлисдан кўпи бизнинг жамоани қўллаб тургани яққол билинди. Термамиз ортидан Малайзияга борган шу мухлислар, телеэкранлар қаршисида мўлтиллаб ўтирган минг-минглаб (тўғрироғи, миллионлаб) юртдошларимизга ачинасан киши. Ўта бўш ва тушунарсиз ҳаракатлар, оддий элементар хатолар ва натижа - «0»га тенг. Бошқача айтганда, йил бошидан буён БАА ва Туркияда олиб борилган йиғинлару Малайзия сафари самарасини шу юмалоқ рақам билан ифодалашдан ўзга чора йўқ. Демакки, харажатлар ва ҳаракатларга ҳам ачиниш мумкин...

Ўйин манзараси

Аввало, ҳар икки жамоанинг иқлимга қарши курашишига тўғри келди. Дейлик, ўйин бошланмасданоқ футболчилар ва ҳаттоки, мураббийлар терга ботиб бўлишганди. Бундай шароитда ўйинчиларнинг тўлиқ куч билан ҳаракатланишлари оғир кечиши тайин. Шу боис, жамоа­мизга стандарт вазиятлар қўл келиши мумкин эди. 3-дақиқадаёқ вакилларимиз айнан жарима зарбасидан кейин ҳисобни очишга яқин келишди. Чап қанотда белгиланган «стандарт»ни Сервер Жепаров амалга оширгач, Анзур Исмоилов боши билан тўп йўналишини ўзгартиришга уринди. Бироқ бўйдор ҳимоячимиз етолмади ва тўп шундоқ дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди. Жамоамизнинг кейинги хавф­ли вазияти 14-дақиқага тўғри келди. Одил Аҳмедов узатмасидан ке­йин Жалолиддин Машарипов чап қанотда бир ҳимоячини алдаб, жарима майдончасига кирди ва зарба берди - аниқ, аммо кучсиз. Натижада тўп рақиб дарвозабони «ўлжа»сига айланди. Қолган дақиқаларда футболчиларимизнинг ҳаракатлари тобора оғирлашиб бораверди. Табиийки, сурияликлар бундан фойдаланиш ҳаракатини пайсалга солишмади. Улар дарвозамиз олдида таҳликали вазиятлар ҳам яратишди. Лекин танаффусгача ҳисоб очилмади.

Иккинчи бўлим худди биринчиси каби бошланди. Унинг бошида вакилларимиз олдинга бориб, бурчак тўпи тепиш ҳуқуқини ишлашди. Тўп жарима майдони ичига баландлатиб етказиб берилгач, Егор Кримец уни дарвоза томон бурди, аммо сўнгги паллада ҳимоячи хавфни бартараф этди. Шу-шу рақиб посбони бошқа таҳликали вазиятга дуч келгани йўқ. Ўйин тугаши арафасида эса сурияликлар тезкор қарши ҳужумга ўтишди ҳамда Егор Кримецни хато қилишга мажбурлашди. Аниқроғи, сиёсий қарашлари туфайли терма жамоага анчадан буён чақирилмаган ва шу ўйин арафасида қайта жалб этилган фахрий ҳужумчи Фирас ал Хатиб ўз ишини уддалади. Яъни захирадан майдонга тушган футболчи Егор билан курашда тоза пенальти ишлади. Жамоа етакчиси Умар Ҳарбин эса Александр Лобанов билан дуэлда ўзини ўта хотиржам тутди - енгил ва нафис зарба, чиройли гол. Ҳа, пенальтидан ҳам чиройли гол уриш мумкин. Афсуски, Малайзияда айни шундай гол бизнинг дарвозамизга урилди... Алоҳида футболчилар ҳаракатига баҳо беришга келсак, бундан маъно йўқ. Зеро, кимнидир ажратиб кўрсатиш мушкул. Гўёки, ҳамма бир-биридан кўпроқ хато қилгандек туюлди ва энг ачинарлиси, яққол фаоллик кўрсатган футболчи кўринмади. Танланган таркиб ва амалга оширилган ўзгаришлар масаласида эса саволлар бисёр. Аммо ҳозир бу ҳақда гапиришнинг мавриди эмас. Зеро, бугун яна бир ўйин бор ва Самвел Вячеславовичнинг ўзи «Малайзия ноли»дан тегишли хулосалар чиқарган бўлса керак...

Ўйин статистикаси

Аламли ва ҳаммани бездирган мағлубиятдан сўнг ҳамюртимиз, футбол мутахассиси Алишер Никимбаев Facebook тармоғидаги шахсий саҳифаси орқали ўйинга боғлиқ айрим рақамларга эътибор қаратди. Бунда у Wyscout компанияси мутахассиси Олег Сагайдак тақдим этган статистикани дастак қилиб олган. Демак, маълум бўлишича, узатмалари сони бўйича терма жамоамиз устунлик қилган: 366га 319. Футболчиларимиз биринчи бўлимда рақиблардан 51 марта (206 - 155) кўп тўп оширишган. Танаффусдан кейин эса бу кўрсаткич салбий кўриниш олган: 160га 164. Шундан ҳам хулоса чиқариш мумкинки, вакилларимиз иккинчи 45 дақиқаликда анча сустлашишган, сурияликлар эса аксинча, нисбатан фаоллашишган. Ҳужум чизиғидаги техник ҳаракатлар борасида эса Сурия термаси устунлик қилган: 77та (32Қ45). Терма жамоамизда бу кўрсаткич атиги 53та (19Қ34)га тенг. Бундан келиб чиқадики, рақиб бутун ўйин давомида маълум даражада хавф­лироқ ўйнаган.

Яна бир қизиқарли далил: Самвел Бабаян жамоасининг ҳар 7та узатмасидан атиги 1таси олдинги чизиққа йўналтирилган. Сурияликлар эса ҳар 4та узатмадан бирида тўпни айнан ҳужум чизиғи томон етказиб берган. Буниси энди рақиб ўйини нисбатан сифатлироқ чиққанидан далолат. Хавф­ли вазиятлар масаласига келсак, бу борада ҳам Сурия термаси олдинда: 6 - 4. Дарвоза томон берилган зарбалар тафовутида ҳам шундай манзарани кўриш мумкин: 15 - 10. Ҳужумни якунлаш статистикаси: 39 - 23. Позицион ҳужумлар фарқи: 13 - 4. Хуллас, барчасида Сурия термаси олдинда. Тўғри, биргина ҳужумни тўсиш бў­йича энг яхши кўрсаткич ўзбекистонлик футболчиларга тегишли. Азиз Ҳайдаров 12 марта, Анзур Исмоилов эса 9 марта рақиб ҳужумини узиб қўйган. Суриялик бирор футболчида бу кўрсаткич 6тадан кўп эмаслиги йигитларимиз етарли даражада ҳужум уюштиришмаганини англатади. Хуллас, Ўзбекистон термаси ижрочилар сони ва савияси бўйича устун саналсада, мураббий бундан самара чиқаролмаганини кўриш мумкин. Дейлик, Сервер Жепаров тўпни нақ 9 марта олдириб қўйганини қандай изоҳлаш мумкин?

Ўзгача муносабат

Терма жамоалар марказининг ўртоқлик учрашувлари ташкиллаш бўлими масъул ходими Шерзод Эгамбердиев эса миллийчиларимиз кўрсатаётган натижа учун мураббийларга ҳайкал қўйиш кераклигини таъкидлади. «Афсуски, биз Бразилия, бой Қатар ёки БАА ҳам эмасмиз. Боримиз шу. Аслида мураббийларимизга кўрсатаётган натижалари учун ҳайкал қўйиш керак. Жамоани «ўлдирмасдан», қўллаб-қувватлаш фойдалироқ. Ахир футболчилар ҳам ЖЧга чиқишни исташади...»,-деб ёзди Эгамбердиев «Фейсбук»даги тортишувлардан бирида.

Таркиб масаласи

Яна бир жиҳатга эътибор қаратсак, терма жамоамиз таркибнинг умумий ёш жиҳатидан гуруҳдаги рақибларга қараганда, «катта»роқ. Айтайлик, мағлубиятга учраш у ёқда турсин, ҳали ўз дарвозасидан бирор марта тўп ҳам олиб чиқмаган Эрон термаси таркибининг ўртача ёши 23 га тенг. Қарангки, форслар шундай ёш таркиб билан ОФК жамоалари ичида ўйин бобида ҳам, ФИФА рейтингида ҳам ҳақли равишда энг кучлиси бўлиб турибдилар. Улар сўнгги марта 4 йил аввал Теҳронда айнан бизнинг жамоага ютқазишган. Энди таққослаш учун айтсак, Сурия термасига қарши ўйинда майдонга тушган 14 нафар футболчимизнинг ўртача ёши 28,28 ни ташкил қилмоқда. Эътиборли томони, шу футболчилардан нақ 7 нафари 30 ёшдан катта. Рақиб таркибининг ўртача ёши эса 25,5 га тенг. Гуруҳдаги бош­қа рақиблар ҳам таркибнинг ўртача ёши бўйича Самвел Бабаян тузган терма билан тенглашолмайди. Масалан, сафида «қария»лар» кўп тўпланган Хитой термаси Жанубий кореяликлар билан ўйинда ўртача ёши 28 ёшга тенг таркибга таянди. Кореяликларда эса бу кўрсаткич 26,5 ёшни ташкил қилди. Эронликларга ютқазган Қатар термасининг ўртача ёши ҳам айнан 26,5 га тенг. Хуллас, Ўзбекистон термаси 6-турда гуруҳдаги энг «қария» жамоа бўлди.

Эсланг, Самвел Вячеславович энди иш бошлаган вақтларда қўл остидаги терма жамоага «Ўзбекистон тарихидаги энг кучлиси» сифатини берганди. Аммо таассуфки, 2011-2012 йилларда шакллантирилган кучли терма жамоани кўрмаяпмиз. Мураббий қандай баҳона қилмасин, футболчиларни талаб даражасида тайёрлай олмагани факт. Буни ҳамма кўрди. У ҳам «Осиёда барча футбол ўйнашни ўрганиб олган», дейиши мумкин. Лекин кўриниб турибдики, жамоамизнинг ўзгармас ўйин услубини ўрганиб олишган ва шуниси тўғрироқ бўлса керак. Умуман, йўлга қўйилган ўйин чизгилари, йиғинлардан бирор наф чиқмагани ҳақида алоҳида, батафсилроқ мақола ёзиш мумкин. Оддий мисол, Малайзиядаги ўйинда февраль ойида Туркияда ташкиллаштирилган йиғинда иштирок этганлардан атиги 5 нафари майдонга туширилди. Бас, хулоса шуки, йиғинларда синаб кўрилганлардан наф чиқмабди, ҳисоб. Унда нима кераги бор бундай йиғинларнинг?

Ўйин атрофида

Ёшларни синаб кўриш, уларни терма жамоа муҳитига мослаштириб бориш учун нега кўпроқ ўртоқлик учрашувлари ташкил этилмаслиги - катта масала. Бу борада Терма жамоалар маркази қандай ишлар билан шуғулланаётгани қизиқ. Масалан, 23 март куни Малайзияда ўйнашимиз анча аввал аниқ бўлиб улгурганди. 4-5 кун аввал шу ҳудуд ёки унга яқинроқ жойда, яъни терма жамоа йиғини доирасида ўртоқлик ўйини ташкил қилиш мумкин эмасмиди? Ваҳоланки, терма жамоа сабаб, «Пахтакор»нинг ўйини олдинга сурилди, «Бунёдкор» ва «Локомотив»ники эса ноъмалум муддатга қолдирилди. Хуллас, Сурия термасига қарши кечган нурсиз ўйиндан диллар хуфтон бўлди. Ҳа, мағлубият мухлисларга жуда оғир ботгани айни ҳақиқат. Дейлик, ўйин тугаши ҳамоно ижтимоий тармоқларда футболчи ва мураббийлар ишига нисбатан фикрлар «қайнади». Бундан ташқари, мухлислар, мутахассислар, журналистлар терма жамоа ўйини юзасидан «нордон» таҳлилий мақолалар чоп этмоқдалар. Хусусан, мухлислар бош мураббийдан истеъфо талаб қилишмоқда. Кўпчиликнинг фикрича, Ўзбекистон термаси бундай ўйин билан жаҳон чемпионатига боролмайди ва бунга лойиқ ҳам эмас. Энг аламлиси, 6-марта жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида қатнашаётган миллий жамоамиз 6-марта шундай оғир ҳолатга тушяпти. Маълумки, Вадим Абрамов даврида араб жамоаларини хотиржам енгиш иммунитети яратилган эди. Ҳозир эса... Араб футболчиларидан яна чўчий бошлаганимиз кишини хавотирга солмай қўймайди. Лекин умид шуки, бугун футболчиларимиз Қатар термасига қарши Малайзиядаги каби бемаъни, тутуриқсиз ўйин намойиш қилишмайди ва юқоридаги фикрлар тўлиқ асосли эмаслигини исботлашади. Қанийди, хато ўйлаганимиз тасдиқланса....

СУРИЯ - ЎЗБЕКИСТОН - 1:0 (0:0)

23 март. Маллакка. Hang Jebat стадиони. 350 томошабин.

Ҳакамлар: Муҳаммад Абдуллоҳ Ҳассан, Муҳаммад ал Ҳаммадий, Ҳассан ал Маҳрий (БАА).

Гол: Умар Ҳарбин (90}1-пен.).

Сурия: Иброҳим Алмеҳ, Аҳмад ал Солиҳ, Муайад ал Ажжан, Омро ал Миданий, Амро Жениат, Умар Ҳарбин, Маҳмуд ал Мавас (Фирас ал Хатиб, 85), Фаҳад Юсуф (Удай Абдулжаффал, 75), Муҳаммад Тамир, Мардек Мардекиан (Насуҳ Накдалий, 66), Холид ал Мобайд.

Ўзбекистон: Александр Лобанов, Даврон Ҳошимов, Егор Кримец, Анзур Исмоилов, Ислом Тўхтахўжаев, Азиз Ҳайдаров, Одил Аҳмедов, Марат Бикмаев (Александр Гейнрих, 77), Сервер Жепаров, Жалолиддин Машарипов (Элдор Шомуродов, 54), Темурхўжа Абдухолиқов (Игорь Сергеев, 63).

Огоҳлантиришлар: Амро Жениат (2), Холид ал Мобайд (44), Умар Ҳарбин (69), Омро ал Миданий (90}3) - Ислом Тўхтахўжаев (13), Даврон Ҳошимов (83).

Энг яхши ўйинчи: Умар Ҳарбин (Сурия).

«А» гуруҳидаги ҳолат

Эҳ, Хитой термасининг Жанубий кореяликларни ортга очкосиз жўнатишганини ўйлаб, яна сиқиласан, «уф» тортасан беихтиёр. Ахир жамоа­миз Малайзияда ғалаба қозонганида Марчелло Липпи шогирдларининг 1:0 ҳисобидаги ютуқлари туфайли гуруҳда яна 2-қаторга кўтариларди-я... Ҳа, 35-дақиқада Ю Дабао томонидан урилган гол ортидан келган ғалаба итальян мутахассиси Хитой термасини ўзгартирганидан далолат. Айтганча, бу Чин юрти вакиллари учун учинчи саралаш босқичидаги дастлабки ғалабадир. Натижада Хитой термаси ҳисобидаги очколар сони 5тага етди ва жамоа курашга қайтди, чоғи.

Гуруҳ карвонбошиси - Эрон термаси эса Қатар сафаридан минимал ҳисобдаги ютуқ билан қайтди. Хуллас, Карлуш Кейруш жамоасининг мавқеи анча мустаҳкамланди, Қатар термаси аксинча, гуруҳ жадвалида 6-ўринга сурилди. Лекин мезбонларнинг форсларга қатъий қаршилик кўрсатишганини алоҳида таъкидлаш керак. Уларга фақат ҳужумларни якунига етказиш хислати етишмади.


Манба: www.interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Оғир ҳаракат самараси «0» ёхуд терма жамоамиз ўйинига яна бир назар