Рўзиқул Бердиев: "Насаф"нинг ҳужумдаги сустлиги мағлубиятга сабаб бўлди

Суперлиганинг 4-туридан ўрин олган "Насаф" – "Сурхон" (0:1) учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Мураббий аввало рақиб жамоани муҳим ғалаба билан табриклаб, уларнинг ўйинга тайёргарлиги юқори даражада бўлганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, "Сурхон" майдонда аниқ режа асосида ҳаракат қилди, ҳимояда интизомли ўйнади ва қарши ҳужумларда максимал самара кўрсатишга муваффақ бўлди.
- "Сурхон" жамоасини ғалаба билан табриклайман. Бугун уларнинг ўйинга тузган режаси амалга ошди. Рақиб жамоа яхши ҳимояланди ва жипс ҳаракат қилди. Қарши ҳужумларда ўз имкониятларидан фойдаланди ҳамда учрашув якунида мақсадига эришди.", - деди Рўзиқул Бердиев.
Бердиевнинг таъкидлашича, учрашув тақдири айнан шу омиллар билан ҳал бўлди. Мезбонлар эса, аксинча, ҳужум чизиғида керакли даражада фаоллик кўрсата олмади. Унинг фикрича, жамоа рақиб дарвозаси олдида етарлича хавфли вазиятлар ярата олмагани мағлубиятга олиб келган асосий сабаб бўлган.
- "Бизнинг асосий муаммомиз бугун ҳужумларда етарлича фаол бўлмаганимиз бўлди.", - деди Рўзиқул Бердиев.
Шу билан бирга, тажрибали мутахассис бу ўйиндан тегишли хулосалар чиқарилишини, келгуси баҳсларда жамоа ўз ўйинини янада яхшилашга ҳаракат қилишини ҳам қайд этди. Унинг сўзлари мухлисларга бир сигналдек эшитилди: "Насаф" ҳали ўз салоҳиятини тўлиқ очмаган ва олдинда яна кучли ўйинлар кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!