Кичик Роналду “Реал” академиясига қабул қилинмайди — сабаб очиқланди

Европа оммавий ахборот воситаларида сўнгги кунларда футбол ишқибозларини қизиқтирган хабарлардан бири — Криштиану Роналдунинг тўнғич ўғли “Реал” академиясига қабул қилиниши ҳақидаги маълумотлар бўлди. Бироқ “Қироллик клуби” бу гап-сўзларга аниқлик киритди.
"Реал Мадрид" раҳбарияти бу борадаги миш-мишларни рад этди. COPE нашри тарқатган маълумотларга кўра, клуб Криштиану Роналду Жуниорни ўз академиясига қабул қилишни режалаштираётгани йўқ.
Маълум бўлишича, бу хабарларнинг тарқалишига сабаб — 15 ёшли кичик Роналдунинг “Реал”нинг 16 ёшгача бўлган жамоаси билан бирга машғулот ўтказгани бўлган. Аслида эса у "Ан-Наср" ёшлар жамоаси аъзоси ҳисобланади.
Манбага кўра, “Реал” томонидан унга фақат вақтинчалик тарзда тенгдошлари билан машқ қилиш имконияти берилган, холос. Бу қарор кичик футболчининг жисмоний формасини сақлаб туриш мақсадида қабул қилинган. Чунки Яқин Шарқдаги мавжуд вазият сабаб у “Ан-Наср” академиясида мунтазам шуғуллана олмаяпти. Айни пайтда Роналду оиласи Мадридда истиқомат қилмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоиз, Криштиану Роналду 2009–2018 йиллар оралиғида “Реал” шарафини ҳимоя қилган ва бу даврда клуб тарихида ўчмас из қолдирган. У 438 та учрашувда майдонга тушиб, 450 та гол урган ҳамда 131 та голли узатма амалга оширган.
Қисқаси, ҳозирча кичик Роналдунинг “Реал” сафида расмий фаолияти ҳақида гап йўқ. Аммо футболда ҳамма нарса тез ўзгаради — балки келажакда бу ҳикоя яна бошқача давом этар.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!