date

“Манчестер Сити”да март ойи футболчиси бўлиш учун қизиқарли кураш...

“Манчестер Сити”да март ойи футболчиси бўлиш учун қизиқарли кураш...

Англиянинг машҳур клубларидан бири – Manchester City расмий сайтида март ойининг энг яхши футболчисини аниқлаш мақсадида махсус сўровнома эълон қилинди. Клуб мухлислари бу сафар уч номзод – ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов, тезкор вингер Жереми Доку ҳамда таянч ярим ҳимоячи Родри орасидан энг муносибини танлаш имконига эга бўлди.

Клуб матбуот хизмати вакили Дэвид Клейтон ҳар бир номзоднинг март ойидаги ўйинига алоҳида тўхталиб, уларнинг кучли жиҳатларини таҳлил қилди.

Абдуқодир Ҳусанов – ишонч ва барқарорлик тимсоли

Ўзбекистонлик иқтидор эгаси Абдуқодир Ҳусанов февраль ойида 22 ёшни қарши олган бўлса-да, майдонда ўзини анча тажрибали ҳимоячи каби тутаётгани алоҳида эътиборга лойиқ. У Премьер-лигадаги ҳар бир ўйинда ишончли ҳаракатлари билан ажралиб туриб, ҳимоя чизиғида мустаҳкам деворга айланмоқда.

Ҳусановнинг энг катта устунликларидан бири — вазиятни олдиндан ҳис қилиш ва тўпни тўғри вақтда тортиб олиш қобилияти. У рақиб ҳужумларини ўз вақтида тўхтатиш, хавфли вазиятларни бартараф этишда юқори даражада ҳаракат қилмоқда.

Шунингдек, унинг тезлиги алоҳида таъкидланмоқда. Жамоа сўнгги вақтларда айнан шундай тезкор ҳимоячига эҳтиёж сезаётган эди. Айниқса, Кайл Уокерr кетганидан кейин бу жиҳат янада сезиларли бўлганди.

Март ойида Ҳусанов Европанинг кучли ҳужумчиларига қарши муваффақиятли ҳаракат қилиб, ўзини келажаги порлоқ футболчи сифатида яна бир бор намоён этди. У аввал “Этихад” стадионида ой футболчиси деб топилганди. Энди эса у бу ютуқни яна такрорлаш остонасида турибди.

Жереми Доку – ҳужумдаги ёқимли хаос

Белгиялик вингер Жереми Доку ҳам март ойида жуда ёрқин ўйин намойиш этди. У барча олти учрашувда қатнашиб, ҳар бир ўйинда рақиб ҳимоячилари учун жиддий муаммолар туғдирди.

Айниқса, “Арсенал”га қарши Карабао кубоги финалида у ўзининг энг яхши сифатларини кўрсата олди. Шунингдек, “Реал” ҳимоясига қарши ўйинларда ҳам унинг тезлиги ва техникаси катта хавф туғдирди.

Доку — ҳеч қачон ортга чекинмайдиган, доимо курашадиган футболчилар тоифасидан. У қисқа вақт ичида Европа футболидаги энг хавфли ва ноқулай ҳужумчилардан бирига айланиб улгурди.

Родри – жамоанинг ақл маркази

Испаниялик ярим ҳимоячи Родри эса март ойида ўзининг энг яхши формасига қайтганини кўрсата олди. У бутун мавсум давомида босқичма-босқич ўйинини яхшилаб, ҳозирги пайтда жамоанинг асосий “двигатели”га айланган.

Родри майдонда ўйин темпини назорат қилади, жамоадошларини бошқаради ва муҳим пайтларда тўғри қарор қабул қилади. Айниқса, “Уэмбли” стадионида “Арсенал”га қарши ўйинда у ўзининг юқори даражасини намоён этди.

Унинг сокинлиги, босим остида ҳам хато қилмаслиги ва ўйинни ўқиш қобилияти жамоа учун катта аҳамият касб этмоқда.

Қизиқарли финал яқинлашмоқда

Ҳар учала футболчи ҳам март ойида юқори савияда ўйин намойиш этди ва улардан қай бири совринни қўлга киритишини олдиндан айтиш қийин. Бу эса сўровномага янада қизиқиш уйғотмоқда.

Овоз бериш жараёни давом этмоқда ва ғолиб номи 1 апрель куни Британия вақти билан соат 17:00 да маълум қилинади.

Қисқаси, “Манчестер Сити”да ой футболчиси учун кураш нафақат жамоа ичида, балки мухлислар орасида ҳам катта қизиқиш билан кузатилмоқда. Ким ғолиб бўлишидан қатъи назар, бир нарса аниқ — жамоада рақобат юқори ва бу келажак учун фақат плюс.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити”да март ойи футболчиси бўлиш учун қизиқарли кураш...