Роберто Мартинес Криштиану Роналдунинг ҳозирги аҳволини таҳлил қилди

Португалия миллий терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес «Ан Наср» клуби ҳужумчиси ва дунё футболи юлдузи Криштиану Роналду ҳақида фикр билдириб, унинг аҳамияти ва майдондаги фаолиятини кенг тушунтирди.
Мартинес таъкидламоқда: «Роналду атрофида доим муҳокамалар бўлиши табиий. У футбол тарихини ўзгартирган беқиёс ва тарихий шахс. Ҳатто лифтда бўлсангиз ҳам одамлар ё ҳаво ҳақида, ё Роналду ҳақида гапиради. Ҳар бир инсоннинг фикри бор, лекин кўпинча бу фикрлар унинг аввалги даврдаги ўйинига асосланади. Энг катта хато — унинг ҳозирги ҳолатини инобатга олмаслик. Евро чемпионатидан кейин “Португалия Роналду сабаб ютмади” деган гаплар бўлди. Миллатлар лигасида ғалаба қозонсак, энди “Роналду кетгач нима бўлади?” деган савол пайдо бўляпти».
Мураббий Криштианунинг физик ҳолатини эмас, балки унинг ақл ва менталитетини энг муҳим омил сифатида қарашини таъкидлайди: «Мен ҳар доим футболчида аввало тана эмас, бош “тўхтайди” деб ҳисоблаганман. Лекин Криштианунинг ақли ҳали бундай қарор қабул қилгани йўқ — на 40, на 41 ёшида. Топ футболчи бу истеъдод эмас, менталитет ва барқарорликдир. У энди “Манчестер Юнайтед” ёки “Реал”даги эски вингер эмас, жарима майдонидаги аниқ ва самарали “тўққизлик”. Биз унинг ҳаракатларига боғлиқмиз: у бўш ҳудуд яратади ва гол уради».
Шунингдек, Мартинес охирги уч йилда Роналдунинг миллий жамоадаги ишончли ҳаракатларини ҳам эътироф этади: «30 та баҳсда 25 та гол, бу фақат меҳнат билан қўлга киритилган натижа. Ҳозирги ҳолатни баҳоласам, истеъдод, тажриба ва муносабатларнинг уйғунлиги ажойиб. Қарорлар кабинетда эмас, майдонда қабул қилинади».
Мартинес сўзларига кўра, Роналду ҳали ҳам терма жамоа учун асосий ҳаракатлантирувчи куч бўлиб, унинг тажрибаси ва интеллектуал ҳиссиётлари жамоага муҳим таъсир кўрсатмоқда.
Энди терма жамоа мухлислари нафақат голларни, балки Роналдунинг майдондаги мураккаб ҳаракатларини ҳам чуқур қадрлайдилар.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!