Спорт вазири Италиянинг плей-оффдаги мағлубияти ҳақида нималар деди?

Италия миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати–2026 саралашидаги муваффақиятсизлиги мамлакат спорт сиёсатида кескин муносабатлар юзага келтирди. Спорт вазири Андреа Абоди мазкур ҳолатга жавобан очиқ баёнот билан чиқиб, итальян футболини тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Женнаро Гаттузо шогирдлари ҳал қилувчи баҳсда Босния ва Герцеговинага имкониятни бой бериб, кетма-кет учинчи бор мундиалдан маҳрум бўлди.
Абоди фикрича, футбол Италияда фақат спорт эмас, балки маданият ва халқаро обрўнинг муҳим қисми ҳисобланади. У бунинг учун FIGC раҳбариятидаги кадрлар алмашинуви орқали тизимни қайта қуриш лозимлигини айтиб ўтди.
"Италия футболи тубдан қайта қурилишга муҳтож ва бу жараён FIGC (Италия футбол федерацияси) раҳбариятидаги кадрлар алмашинувидан бошланиши керак. Футбол — бу шунчаки спорт эмас, айниқса Италияда у маданиятимизнинг бир қисми ва халқаро обрўйимиз белгисидир. Бутун бир авлод болалар ва ёшлар ҳали бирор марта Жаҳон чемпионатида ўз терма жамоаси ўйинини кўрмай улғаяётганини ўйлаш жуда маҳзун", — деди Абоди.
Вазир шунингдек, иқтисодий ва ҳарбий инқирозлар даврида футбол аҳоли учун ижтимоий ритуал ва қувонч манбаи бўлиши кераклигини, аммо кетма-кет мағлубиятлар бу имкониятни йўққа чиқарганини таъкидлади.
Шу тариқа, Италия футбол федерацияси раҳбариятига бўлаётган босим давлат даражасига кўтарилди ва федерация президенти Габриэле Гравинанинг тақдири ҳам катта сўроқ остида қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!