Муҳаммад Салоҳ “Ливерпуль” билан ҳайратли хайрлашув баёнотини айтди

2017 йилдан буён “Ливерпуль” сафида ҳаракат қилиб келган ва жамоанинг кўплаб тарихий ютуқларида муҳим роль ўйнаган Муҳаммад Салоҳ мавсум якунида клубни тарк этишини эълон қилиб, мухлислар билан таъсирли хайрлашув баёнотини тақдим этди.
Унинг сўзларига кўра, бу қарор осон бўлмаган ва у клуб, шаҳар ҳамда мухлислар билан боғлиқ хотираларни жуда қадрли деб ҳисоблайди.
— Афсуски, бу кун ҳам келди. Мен мавсум охирида “Ливерпуль”ни тарк этаман. Аввало шуни айтишим керакки, бу клуб, бу шаҳар ва бу ердаги инсонлар ҳаётимда бунчалик катта ўрин тутишини ҳеч қачон тасаввур қилмаган эдим, — деди Салоҳ.
У “Ливерпуль”ни оддий футбол жамоаси эмас, балки ҳақиқий эҳтирос, бой тарих ва фақат шу муҳитни ҳис қилган инсон англай оладиган ўзига хос оила сифатида таърифлади.
Футболчи бирга эришилган ютуқлар, совринлар ва қийин дамлардаги қўллаб-қувватлашни миннатдорлик билан эслади. У жамоадошлари, ҳам собиқ, ҳам ҳозирги ўйинчиларга, шунингдек мухлисларга чуқур миннатдорлик билдирди.
— Менга берилган қўллаб-қувватлашни сўз билан ифодалаш қийин. Энг яхши ҳам, энг оғир дамларда ҳам сизлар мен билан бўлдингиз. Бу доим хотирамда қолади. Кетиш осон эмас. Сизлар менга энг ёрқин лаҳзаларни тақдим этдингиз. Мен доим сизларнинг бирингиз бўлиб қоламан, — деди у.
Салоҳ “Ливерпуль” уни ва оиласи учун ҳақиқий уй бўлиб қолишини таъкидлаб, барча учун миннатдорлик билдирди.
Жорий мавсумда у 38 та учрашувда майдонга тушиб, 12 та гол ва 9 та голли узатма қайд этди. Transfermarkt маълумотига кўра, унинг ҳозирги бозор қиймати 30 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.
Қисқаси, “Ливерпуль” тарихида муҳим ўрин эгаллаган Салоҳнинг хайрлашуви мухлислар учун оғир, аммо ҳурматга сазовор қарор сифатида қабул қилинмоқда.