Калверт-Люин Кукурелянинг сочидан тортгани учун жазоланмади

Англия кубоги ярим финали доирасида «Уэмбли» стадионида бўлиб ўтган «Лидс» ва «Челси» жамоалари ўртасидаги баҳсда ҳакамлик билан боғлиқ баҳсли вазият юзага келди. «Лидс» ҳужумчиси Доминик Калверт-Люин рақиб ҳимоячиси Марк Кукурелянинг сочини тортган бўлса-да, майдонда қолишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ушбу ҳолат VAR тизими орқали узоқ вақт давомида кўриб чиқилди. Видеотакрорларда ҳужумчи «Челси» аъзосига нисбатан қўполлик ишлатгани аниқ кўринган бўлса-да, ҳакамлар бригадаси футболчини жазолашга асос топа олмади.

Якунда Калверт-Люин ҳеч қандай интизомий чорасиз ўйинни давом эттирди.
Мазкур воқеа жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Сабаби, атиги икки ҳафта олдин Премьер-лига доирасидаги «Манчестер Юнайтед» ва «Лидс» учрашувида Лисандро Мартинес айнан Калверт-Люиннинг сочини тортгани учун майдондан четлатилган эди.

Экспертлар ва мухлислар бир хил турдаги қоидабузарлик учун икки хил қарор қабул қилинганидан норози бўлишмоқда. Ҳозирча ҳакамлар қўмитаси ушбу қарама-қарши қарорлар юзасидан расмий муносабат билдирмади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!