«Интер» можароси кучайди, жазо хавфи жиддийлашмоқда...

Италия чемпионатида етакчилик қилаётган «Интер» клуби атрофида катта шов-шувли ҳолат юзага келди. AGI нашри тарқатган маълумотларга кўра, миланликлар ҳакамлик билан боғлиқ можаро марказида қолмоқда.
Манбага кўра, Милан прокуратураси Италия ҳакамлар корпуси раҳбари Жанлукка Роккани «Интер» ўйинларига “қулай” ҳакамларни тайинлашда гумон қилмоқда. Тергов версиясида айтилишича, у айрим учрашувларга муайян ҳакамларни атайлаб белгилаб, бу орқали жамоа манфаатларига хизмат қилган бўлиши мумкин.
Агар ушбу айбловлар ўз тасдиғини топса, оқибатлар жуда жиддий бўлиши мумкин. Хусусан, «Интер» 2023–2024 йилги чемпионлик унвони ва 2024 йилги Суперкубок ғалабасидан маҳрум қилиниши эҳтимоли бор.
Бундан ҳам оғир жазолар сценарийси истисно қилинмаяпти. Амалдаги регламентга кўра, очколарни камайтириш, ҳатто клубни юқори дивизиондан чиқариш — яъни В Серияга тушириш каби кескин чоралар ҳам қўлланилиши мумкин.
Маълумотларга кўра, ушбу иш доирасида фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилган ва шундан сўнг Жанлукка Рокка ўз лавозимини тарк этган.
Қисқача айтганда, бу ҳолат Италия футболи учун навбатдаги жиддий синов бўлиши мумкин. Агар айблар исботланса, «Интер» учун бу нафақат мавсум, балки бутун клуб тарихи учун оғир зарбага айланиши эҳтимолдан йироқ эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!