"Нюкасл Юнайтед" Волтемадени тезда сотиб юбормоқчи

"Нюкасл Юнайтед" клуби рекорд даражадаги трансфер ҳисобланган ҳужумчи Ник Волтемадени тез орада сотиб юбориш масаласини кўриб чиқмоқда. Британиянинг "Тҳе Телеграпҳ" нашри таҳлилига кўра, жамоанинг жорий мавсумдаги муваффақиятсизликларига айнан ҳужум чизиғидаги сусткашлик сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Клуб раҳбарияти Германиянинг "Штутгарт" жамоасидан 75 миллион евро эвазига сотиб олинган футболчи борасида хатога йўл қўйганини тан олиши кераклиги айтилмоқда. Таҳлилчилар Волтемаденинг тезлиги пастлиги, тўп назорати ва якуний зарбалардаги камчиликларини танқид остига олишган.

Ушбу танқидий мақола муаллифи Люк Эдвардс бош мураббий Эдди Хауга яқин шахс ҳисоблангани сабабли футбол жамоатчилигида катта шов-шувга сабаб бўлди. Мақола эълон қилингач, Волтемаде ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан клубга тегишли барча маълумотларни ўчириб ташлади.
Ҳозирда Премьер-лигада 14-ўринда бораётган "Нюкасл" мураббийи Эдди Хау эса футболчини ҳимоя қилиб чиқди. Унинг сўзларига кўра, Волтемаде ўзига хос иқтидорга эга ва унинг ижодкорлиги жамоа учун муҳим ҳисобланади.
Сўнгги ўйинларда Волтемаде ўзи учун нотаниш бўлган ярим ҳимоя чизиғида ҳаракат қилмоқда. "Арсенал"га қарши кечган баҳсда ҳам у захирадан майдонга тушди, бироқ жамоасини мағлубиятдан қутқариб қола олмади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!