Канселу "Барселона"даги келажаги ҳозирги вақтда устувор вазифа эмаслигини маълум қилди

"Барселона" ҳимоячиси Жоау Канселу клубдаги келажаги ҳозирги вақтда у учун устувор вазифа эмаслигини маълум қилди. Португалиялик футболчи бор эътиборини Чемпионлар лигаси чорак финали доирасидаги "Атлетико"га қарши бўлажак учрашувга қаратган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Канселунинг таъкидлашича, футболда ҳар қандай воқеа юз бериши мумкин ва у кейинги мавсумда нима хоҳлашини яхши билади. Ҳозирда ҳимоячи учун энг муҳими жамоасига Европа майдонларида ва Испания чемпионатида муваффақият қозонишга ёрдам беришдир.
Футболчи бош мураббий Ханси Флик ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Флик ўйинчиларга жуда яқин ва жамоага ўзгача агрессив динамика олиб кирган.
Канселу немис мутахассисини тажрибали мураббий сифатида тавсифлаб, унинг услуби Хавиникидан фарқ қилишини қайд этди.
Шунингдек, ҳимоячи ёш иқтидор эгаси Ламин Ямални дунёнинг энг кучли уч нафар футболчисидан бири деб атади. Канселу Гави ва Рафинянинг жамоа учун аҳамияти юқори эканини, улар майдонда ва унинг ташқарисида ҳақиқий етакчи эканликларини эътироф этди.
Канселу ўзининг жисмоний ҳолати ва "Ал-Ҳилол" билан шартномаси борлиги ҳақида гапирар экан, мавсум якунига қадар барча вариантлар очиқ қолишини билдирди. У ўзига бўлган ишончи юқори эканини ва жамоавий мақсадлар йўлида меҳнат қилишда давом этишини таъкидлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!