«Манчестер Юнайтед» "Ливерпул"ни енгиб, тарихий ғалабага эришди

Англия Премьер-лигасининг 35-туридаги энг марказий ва кутилган тўқнашув — инглиз футболидаги машҳур «класико»да «Манчестер Юнайтед» ўз майдонида «Ливерпул»ни мағлуб этди. «Олд Траффорд»да кечган драматик беллашув мухлисларга ҳақиқий футбол спектаклини тақдим этди.
Учрашув жуда тезкор суръатда бошланди. Мезбонлар илк дақиқаларданоқ ташаббусни қўлга олиб, 6-дақиқада Куня орқали ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Орадан кўп ўтмай, 14-дақиқада Шешко ҳисобдаги устунликни мустаҳкамлади ва «Юнайтед» рақибни босим остида қолдирди.
Иккинчи бўлимда «Ливерпул» ўйинга қайтади. Аввалига Собослаи 47-дақиқада ҳисобни қисқартирди, ортидан эса 56-дақиқада Гакпо тенгликни тиклади. Шу тариқа, беллашув янада кескин тус олди ва интрига яна авжига чиқди.
Бироқ сўнгги сўзни мезбонлар айтишди. 77-дақиқада ёш иқтидор эгаси Майну ҳал қилувчи голни киритиб, жамоасига ғалаба келтирди. Қолган дақиқаларда «Юнайтед» ҳимояси ишончли ўйин намойиш этиб, устунликни сақлаб қолди.
Эътиборлиси, манкунианликлар 10 йиллик танаффусдан сўнг ўз азалий рақиби «Ливерпул»ни бир мавсумда икки марта мағлуб этишга муваффақ бўлди. Бундан аввал бундай натижани 2015/16 йилги мавсумда Луи ван Гал қўл остидаги жамоа қайд этган эди.
АПЛ. 35-тур
Манчестер Юнайтед — Ливерпул 3:2
3 май, «Олд Траффорд»
Голлар: Куня (6), Шешко (14), Майну (77) — Собослаи (47), Гакпо (56).
Манчестер Юнайтед — Ламменс, Далот, Магуайр, Ҳевен, Шоу, Каземиро, Майну, Фернандеш (Йоро, 90+6), Куня (Зиркзе, 87), Мбеумо (Доргу, 75), Шешко (Диалло, 46).
Ливерпул — Вудман, ван Дейк, Конате (Киеза, 87), Фримпонг (Нгумоҳа, 75), Робертсон (Керкез, 59), Гравенберҳ, Собослаи, Мак Аллистер, Жонс, Гакпо, Виртц.
Огоҳлантиришлар: Шоу (49), Жонс (75), Фернандеш (81), Гакпо (85).
Бу ғалаба «Манчестер Юнайтед» учун жуда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Жамоа очколарини 64 тага етказиб, турнир жадвалида 3-ўринни мустаҳкамлади ва икки йиллик танаффусдан сўнг Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритди.
«Ливерпул» эса 58 очко билан 4-поғонада қолмоқда ва кейинги турларда ўз ўрнини сақлаб қолиш учун жиддий кураш олиб боришига тўғри келади.
Қисқача айтганда, «Олд Траффорд»даги бу дерби нафақат натижа, балки эмоциялар, интрига ва тарихий аҳамияти билан узоқ вақт эсда қоладиган ўйинлардан бирига айланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!