Антонй Реал Бетис сафида Килиан Мбаппе билан тенглашди

Бразилиялик вингер Антонй Реал Бетис таркибида ўзининг ажойиб спорт формасини намойиш этишда давом этмоқда. У Реал Соседадга қарши кечган ва 2:2 ҳисобида якунланган баҳсда яна бир бор гол уриб, Ла Лига жорий мавсумидаги муҳим кўрсаткичлардан бирида Килиан Мбаппе билан тенглашди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Манчестер Юнайтеддаги муваффақиятсиз давридан сўнг Испанияга кўчиб ўтган футболчи жарима майдони ташқарисидан аниқ зарбалар бериш бўйича мутахассисга айланди. Антонй ҳозирга қадар Ла Лигада узоқ масофадан 5 та гол урди ва бу борада Реал Мадрид юлдузи Килиан Мбаппе билан бир хил натижани қайд этди.
Мануэль Пеллегрини қўл остида ўзига бўлган ишончни қайтариб олган Антонй, бу мавсумни ўз фаолиятидаги энг яхшиси деб атади. У жароҳатларига қарамай, жамоаси учун фидойилик кўрсатаётганини ва жамоадошлари ҳамда мураббийлар штабининг қўллаб-қувватлаши унга катта куч бераётганини таъкидлади.
Реал Бетис ушбу ўйинда икки тўп фарқи билан олдинда бораётган бўлса-да, якунда ғалабани бой берди. Антонй ўйин давомида вазиятлардан унумли фойдалана олмагани учун бироз хафа эканлигини, аммо тез орада навбатдаги муҳим баҳсга тайёргарлик кўришлари кераклигини қўшимча қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!