Бавария спорт директори Макс Эберл истеъфога чиқиши мумкин

Мюнхеннинг Бавария клуби раҳбарияти спорт директори Макс Эберлнинг фаолиятидан норози бўлмоқда. Клуб кузатув кенгаши яқин кунларда директорлар кенгаши ишини таҳлил қилади ва унда Эберлнинг келажаги асосий мавзулардан бири бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Клуб ичидаги манбаларга кўра, айрим раҳбарлар Эберлнинг трансфер бозоридаги юмшоқ сиёсатидан шикоят қилишмоқда. Унинг агентлар билан музокараларда ҳаддан ташқари ён бериши ва клубнинг нуфузига путур етказаётгани танқид қилинмоқда. Хусусан, фахрий президент Ули Хёнес ҳам оммавий чиқишларида Эберлнинг иш услубини етарлича қатъий эмас деб атаган эди.
Шунингдек, Эберл жамоа ичида якка тартибда қарор қабул қилишда ва соғлом муҳокама маданиятини шакллантира олмасликда айбланмоқда. Унинг трансфер стратегияси клуб харажатларининг асоссиз ошиб кетишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирлар мавжуд.
Бироқ, Макс Эберлнинг ҳимоячилари ҳам йўқ эмас. Унинг бош мураббий Винсент Компани ва иқтидорли футболчи Майкл Олисенинг жамоага келишидаги ҳиссаси юқори баҳоланмоқда. Ули Хёнеснинг сўнгги интервюларида Эберлни қўллаб-қувватлаши директор учун муҳим ютуқ бўлди.
Бавария раҳбарияти яқин келажакда клубнинг трансфер сиёсати ва бошқарув тизимини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Эберл ўз лавозимини сақлаб қолиш учун кузатув кенгаши олдида ўзининг самарадорлигини исботлаши керак бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!