date

Флик “Барселона” билан янги шартномага тузишга рози бўлди

“Барселона” бош мураббийи Ҳанси Флик каталонияликлар билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр. Инсайдер Фабрицио Романонинг хабар беришича, германиялик мутахассис клуб билан янги шартнома имзолашга розилик берган.

Манба маълумотига кўра, Фликнинг янги келишуви 2028 йил ёзига қадар амал қилади. Шунингдек, шартномада уни 2029 йилгача яна бир мавсумга узайтириш имконияти ҳам кўзда тутилган. Бу эса “Барселона” раҳбарияти мураббийга узоқ муддатли лойиҳа сифатида ишонаётганини кўрсатади.

Қайд этилишича, томонлар ўртасидаги асосий масалалар бир неча ҳафта аввал оғзаки келишув даражасида ҳал қилинган. Сўнгги музокаралар эса Фликнинг агенти Пини Захави ва “Барселона” раҳбарияти ўртасида муваффақиятли якунланган.

Фликнинг амалдаги шартномаси 2027 йил ёзига қадар мўлжалланган эди. Энди янги келишув орқали мутахассиснинг клубдаги келажаги янада аниқлашади. Расмий эълон кейинроқ берилиши кутилмоқда.

Ҳанси Флик бошчилигида “Барселона” жорий мавсумда катта натижаларга эришди. Каталонияликлар Ла Лигада муддатидан аввал чемпионликни қўлга киритди, “Эл-класико”да “Реал Мадрид”ни мағлуб этди ва жамоада ғолиблик руҳини қайта тиклади.

Мураббий қисқа вақт ичида футболчилар билан яхши тил топиша олди. У жамоага тартиб, юқори прессинг, тезкор ҳужумлар ва ишончли ўйин услубини олиб кирди. Айниқса, ёш футболчиларнинг ўсиши ва етакчиларнинг барқарор ҳаракати Флик ишининг муҳим жиҳатларидан бири бўлди.

“Барселона” учун бу қарор мантиқий кўринмоқда. Чунки катта клубларда муваффақият фақат бир мавсумлик натижа билан ўлчанмайди. Муҳими — лойиҳанинг давомийлиги, мураббийга ишонч ва жамоанинг аниқ йўналишда ҳаракат қилишидир.

Фликнинг қолиши “Барселона” мухлислари учун ҳам яхши хабар бўлиши мумкин. Чемпионлик, “Эл-класико”даги ғалаба ва янги шартнома — Каталонияда кайфият ҳозир анча баланд. Энди асосий вазифа шу суръатни сақлаб қолиш ва Европада ҳам катта мақсадлар сари юриш.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Флик “Барселона” билан янги шартномага тузишга рози бўлди