Сантос бош мураббийи Неймар 2026-йилги Жаҳон чемпионатига тайёр деб ҳисоблайди

Сантос бош мураббийи Кука Неймар Бразилия терма жамоасининг 2026-йилги Жаҳон чемпионати учун таркибидан жой олишига ишончи комил. Бу фикр ҳужумчининг Копа до Бразилда Коритиба устидан қозонилган 2:0 ҳисобидаги ғалабада кўрсатган ёрқин ўйинидан сўнг янгради. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
34 ёшли Неймар учрашувнинг 20-дақиқасида Габриел Бонтемпога голли узатма бериб, жамоасининг ғалабасида муҳим рол ўйнади. Кука футболчининг ўйин услуби ўзгарганини ва унинг тактик заковати Карло Анселотти бошчилигидаги терма жамоа учун катта ёрдам бўлишини таъкидлади.
Мураббийнинг сўзларига кўра, Неймар эндиликда майдоннинг турли нуқталарида, хусусан, қанотда, 10-рақамли плеймейкер ёки сохта тўққизлик позицияларида самарали ҳаракат қила олади. Унинг тажрибаси ва ўйинни ташкил этиш қобилияти Бразилия терма жамоаси учун айни муддао.
Неймар 2023-йил октябридан буён терма жамоада майдонга тушмаган бўлса-да, унинг жорий мавсумдаги ўйинлари Анселоттини ишонтириш учун етарли бўлиши кутилмоқда. Якуний 26 кишилик таркиб 18-май куни Рио-де-Жанейрода эълон қилинади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!