date

Эмерик Лапорт “Манчестер Сити”дан кетганига қаттиқ афсусланди...

Испаниялик таниқли ҳимоячи Эмерик Лапорт фаолиятидаги муҳим қарорлардан бири ҳақида очиқ гапирди. У “Манчестер Сити” сафида ўйини тобора ривожланиб, Хосеп Гвардиола ишончини қозониб бораётган бир паллада клубни тарк этгани хато бўлганини тан олди.

Марказий ҳимоячи сифатида юқори савиядаги ўйини билан ажралиб турган Лапорт “шаҳарликлар” таркибида муҳим футболчилардан бирига айланган эди. У Гвардиола тизимида тўп билан муомала қилиш, ҳимоядан ҳужум бошлаш ва майдонда хотиржам қарор қабул қилиш борасида ўзини яхши кўрсатганди.

Бироқ Европанинг кўплаб юлдуз футболчилари Саудия Арабистони чемпионатига йўл олаётган даврда Лапорт ҳам “Ан-Наср” таклифини қабул қилди. 2023 йил ёзида “Манчестер Сити” беш йил давомида жамоа шарафини ҳимоя қилган футболчини сотишга қарор қилди. Бу трансфер ўша пайтда катта муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Энди эса Лапорт ўша қарорга бошқача нигоҳ билан қарамоқда. Унинг таъкидлашича, “Манчестер Сити”ни тарк этиш у учун оғир ва кейинчалик афсус уйғотган қадам бўлган.

“Мен кетганимга афсусландим, чунки мен дунёнинг энг яхши клубида эдим. У ерда футболчиларга қандай ғамхўрлик қилишларини сўз билан тушунтириш қийин. Бу ноёб ҳолат. Вақт ўтиб, бунга ўрганиб қоласан ва уни оддий нарсадек қабул қиласан. Аммо кетганингдан кейин бу қанчалик ажойиб муҳит бўлганини англай бошлайсан”, — деди Лапорт.

Ҳимоячи “Манчестер Сити”га нисбатан ҳурмати жуда юқори эканини ҳам яширмади. У ушбу клубдаги даврни фаолияти ва ҳаётидаги энг ёрқин босқичлардан бири сифатида эслайди.

“Мен “Манчестер Сити”дан чин дилдан миннатдорман. Бу клуб ҳақида бирорта ҳам ёмон гап айта олмайман. Бу мен учун унутилмас тажриба бўлди. Ҳаётимдаги энг яхши даврлардан бири айнан шу жамоада ўтган”, — дея таъкидлади футболчи.

Дарҳақиқат, Лапорт учун “Манчестер Сити” фақат оддий клуб эмас, катта футбол мактаби бўлди. У ерда у жаҳон даражасидаги мураббий билан ишлади, юқори рақобат муҳитида тобланди ва Европа футболида ўз номини мустаҳкамлади.

Саудия Арабистонидаги саргузашт эса узоққа чўзилмади. Тажрибали ҳимоячи 2025 йил ёзида ўзи аввал тўп сурган Бильбаонинг “Атлетик” клубига қайтиб, фаолиятида янги саҳифа очди.

Қисқаси, Лапортнинг сўзлари футболда ҳар доим ҳам катта таклиф тўғри танлов бўлавермаслигини яна бир бор кўрсатди. Баъзан футболчи учун муҳит, ишонч ва клубдаги қадр-қиммат пулдан ҳам муҳимроқ бўлади. “Манчестер Сити” эса Лапорт хотирасида шунчаки жамоа эмас, унинг энг яхши йилларига мезбон бўлган катта оила сифатида қолди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Эмерик Лапорт “Манчестер Сити”дан кетганига қаттиқ афсусланди...