Жаҳон чемпионатида қайси клублардан энг кўп футболчи иштирок этади?

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун кенгайтирилган қайдномаси эълон қилинди. Бош мураббий Фабио Каннаваро мундиал олдидан 30 нафар футболчини рўйхатга киритди. Энди ушбу футболчилар орасидан 26 нафари якуний таркибдан жой олади.
Бу қайднома ўзбек футболи учун тарихий аҳамиятга эга. Чунки миллий терма жамоамиз илк бор Жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этиш арафасида турибди. Шу боис ҳар бир позиция, ҳар бир футболчи ва ҳар бир танлов алоҳида эътибор марказида бўлиши табиий.
Фабио Каннаваро энг кўп футболчиларни “Пахтакор” ва “Нефтчи” клубларидан чақирди. “Шерлар” сафидан 4 нафар футболчи терма жамоанинг кенгайтирилган таркибига киритилди. Фарғонанинг “Нефтчи” клубидан эса 3 нафар футболчи чақирув олди.
“Нефтчи”дан дарвозабон Ботирали Эргашев, тажрибали ҳимоячи Фаррух Сайфиев ва ярим ҳимоячи Жамшид Искандеров рўйхатдан ўрин олди. Бу футболчилар клубдаги барқарор ўйини, тажрибаси ва терма жамоага фойда келтира олиши билан мураббийлар штаби эътиборини тортган.
“Пахтакор”дан эса Ҳожиакбар Алижонов, Шерзод Насруллаев, Акмал Мозговой ва Достон Ҳамдамов чақирилди. Бу тўртлик миллий жамоа учун турли чизиқларда муҳим имконият беради. Айниқса, ҳимоя ва ҳужумдаги универсаллик Каннаваро учун катта аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Шунингдек, хориж клубларида тўп сураётган футболчилар ҳам кенгайтирилган қайдномадан жой олган. “Истанбул Башакшеҳир”, “Истиқлол”, “Персеполис”, “Динамо”, “Насаф” ва “Навбаҳор” клубларидан ҳам 2 нафардан футболчи чақирилгани таркибда ички чемпионат ва хориж тажрибаси ўртасида мувозанат борлигини кўрсатади.
Каннаваро учун якуний қарор осон бўлмайди. Чунки 30 нафар футболчи орасидан 26 нафарини танлаб олиш керак. Бу эса 4 нафар футболчи мундиал учун якуний рўйхатдан четда қолади, дегани. Бундай вазиятда ҳар бир машғулот, ҳар бир назорат ўйини ва футболчиларнинг жисмоний ҳолати ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Жаҳон чемпионати 11 июнь куни старт олади. Мундиал яқинлашган сари терма жамоа атрофидаги ҳаяжон ҳам ортиб бормоқда. Миллий жамоамиз учун бу фақат спорт мусобақаси эмас, балки бутун мамлакат орзусини дунё саҳнасига олиб чиқадиган тарихий имкониятдир.
Қисқаси, Фабио Каннаваро ЖЧ-2026 учун 30 нафар футболчидан иборат кенгайтирилган таркибни эълон қилди. “Пахтакор” ва “Нефтчи” вакиллари рўйхатда энг кўп ўрин олди. Энди эса асосий интрига — якуний 26 нафарлик таркибда кимлар қолиши. Мундиалгача вақт кам, рақобат эса максимал даражада қизий бошлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!