Микел Артета Морган Рогерц трансфери учун шахсан курашга киришди

“Арсенал” жамоаси “Астон Вилла” юлдузи Морган Рогерцни қўлга киритиш учун жиддий ҳаракат бошлади. Хабарларга кўра, Микел Артета ушбу трансфер жараёнини шахсан ўз назоратига олган. Англия терма жамоаси аъзосига “Челси” ва “Манчестер Юнайтед” ҳам қизиқиш билдирмоқда, бироқ “вилланлар” ўз футболчиси учун катта миқдорда маблағ талаб қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
талкСПОРТ нашрининг маълум қилишича, Микел Артета жорий ёзги трансфер ойнасида клубнинг селекция стратегиясига бевосита аралашмоқда. 22 йиллик танаффусдан сўнг Англия Премер-лигаси чемпионлигини қўлга киритган “канонирлар” устози жамоанинг тўхтаб қолишини истамаяпти ва Рогерцни ҳужум чизиғини кучайтириш учун идеал номзод деб ҳисобламоқда.
Ҳозирда футболчининг вакиллари билан дастлабки музокаралар ўтказилгани айтилмоқда. Бироқ 23 ёшли футболчи учун рақобат анча кучли. “Челси” вазиятни диққат билан кузатиб бораётган бўлса, “Манчестер Юнайтед” техник директори Жейсон Уилкокс собиқ “Манчестер Сити” академияси тарбияланувчисининг ашаддий мухлиси ҳисобланади.
“Астон Вилла” эса ўз етакчисини сотишга шошилмаяпти. Унаи Эмерй шогирди Европа лигаси финалида “Фрайбург” дарвозасига гол уриб, жамоасининг 3:0 ҳисобидаги ғалабасига ҳисса қўшганидан сўнг, унинг қиймати янада ошди. Бирмингемликлар Рогерцни камида 80 миллион фунтга баҳоламоқда, аммо рақобат кучайса, бу нарх 100 миллион фунтгача кўтарилиши мумкин.
Микел Артета Рогерцнинг майдон марказида ҳам, қанотларда ҳам бирдек самарали ўйнай олишини юқори баҳоламоқда. Унинг келиши Габриел Мартинелли ва Леандро Троссард каби футболчилар ўртасида соғлом рақобатни кучайтириши кутилмоқда. “Арсенал” Чемпионлар лигаси ва ички чемпионатдаги мақсадлари йўлида таркибни элита даражасидаги ижрочилар билан тўлдиришни кўзламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!