17:37 / 20.04.2017
5 216

«Гўзал пешайвон нималарни тўсган?» — ЎФФдаги якка ҳокимчилик ва қариндош-уруғчилик ҳақида

«Гўзал пешайвон нималарни тўсган?» — ЎФФдаги якка ҳокимчилик ва қариндош-уруғчилик ҳақида
Anhor.uz сайтида таниқли футбол эксперти Алишер Аминовнинг «Ўзбекистон футболи: гўзал пешайвон нималарни тўсиб турибди?» сарлавҳаси остида интервьюси эълон қилинди деб хабар қилади Кун нашри. Аввалроқ ҳам шу сайт Алишер Аминов билан интервью уюштирган ва суҳбат давомида футболимиздаги оғриқли ҳолатлар тилга олинган эди.
Алишер Аминов футбол жамоатчилигимизга мухлисларимизга бир қадар таниш шахс. Келинг, ушбу мутахассиснинг таржимаи ҳолини яна бир эслаб ўтсак.
Алишер Анатольевич Аминов 1962 йилда Тошкентда туғилиб, катта бўлган. Собиқ иттифоқ чемпионати даврида иккинчи ва биринчи лига клубларида ишлаган. Ўзбекистон авдо вазирлигида ишлаган. 2008 йилда «Кадрлар риски бошқарувчи тизими сифатида кадрлар менежменти ривожи» мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган. Россия футбол иттифоқида футболни ривожлантириш дастурини амалга ошириш қўмитаси тузилишида бош-қош бўлган. 
Фото: Алишер Аминов
2010 ва 2015 йилларда Россия футбол иттифоқи президентлиги учун сайловда курашган.
Энди эътиборингизга интервьюнинг энг муҳим қисмларидан парчалар ҳавола этамиз:
Anhor.uz: - Олдинги интервьюнгизда ўзбек футболидаги ҳолатга танқидий баҳо бериб, тизимли характердаги муаммоларни очиб ташлаган эдингиз. Давлат ҳокимияти ва футбол жамоатчилигининг реакциясини кутяпсизми?
Алишер Аминов: - Ҳозирча реакция йўқ. Айнан мулоқотнинг йўқлиги, жамоачилик ҳали тизимли муаммоларни муҳокама этишга тайёр эмаслигини билдиради. Бунинг ҳайрон қоларли жойи ҳам йўқ. Футбол субъектлари узоқ йиллар давомида ЎФФ эътиборидан четда қолган, муҳим қарорларнинг абсолют катта қисми федерация президенти томонидан якка қабул қилинган.
Шуларни эътиборга олиб, яна қайтараман: фақатгина ЎФФ фаолиятини демократлаштириш, профессионаллик принципларини жорий этиш, қарорларни қабул қилишда ошкоралик ва жамоавийлик томон йўл тутиш футбол жамоатчилиги ролини ва унинг республика футбол ҳаётидаги нуфузини оширади.
- Шундай фикрлар борки, ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ўзига ворис этиб ўғли Жаҳонгирни — футзал ассоциацияси вице-президентини танлаган эмиш...
- Бу сизни ҳайрон қолдиряптими? Мени эса йўқ. Собиқ СССРнинг деярли барча мамлакатлари футбол федерациялари бошқариш услуби билан бир-биридан кескин фарқланмайди. Уларнинг «умумий жиҳати» — футбол ҳокимиятининг давлат раҳбарининг қариндошлари, яқин дўстлари ёки камида сафдошлари томонидан эгаллаб олинганидир. Масалан, Қозоғистонда президент Назарбоевнинг ҳозир марҳум куёви футболни бошқарган, энди эса ҚФФ рулида (вице президент сифатида) — президентнинг яна бир қариндоши. Тожикистонда футбол билан президент Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустам шуғулланади. Озарбойжонда эса — «Сокар» давлат нефть компанияси раҳбари. Россияда президент Путиннинг дўстлари. Беларусь ва Туркманистонда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар. 
- Нега сиз Жаҳонгир Усмонов ЎФФни бошқаришга қодир эмас, ахир футзал ассоциациясининг мақтанишга арзигулик натижалари бор эмасми?
- Баъзи бир мутахассислар унинг Ўзбекистон футзал ассоциацияси раҳбарлигидаги фаолиятини ижобий баҳолашади, айниқса, терма жамоанинг жаҳон чемпионатининг финал қисмига йўлланма олганини буюк натижа сифатида баҳолаб. Ўз-ўзидан тушунарлики, миллий терма жамоанинг халқаро турнирлардаги иштироки — ҳар қандай федерация ҳаётининг гўзал пешайвони ҳисобланади.
Бироқ бу натижани ривожланиш, деб атаб бўлармикан, агар футзал бўйича ЖЧ-2016да Осиё қитъасига квоталар сони кескин оширилгани — 5та йўлланма тақдим этилгани ҳисобга олинса? Яъни, терма жамоа олдидаги вазифа анча осонлашганди: Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионатида кучли бешликдан ўрин олинса бас. Ундан олдинги йиллар мобайнида Тошкентда икки бор футзал бўйича Осиё чемпионати ўтказилган ва ҳар иккисида Ўзбекистон финалда ўйнаган. Ўз-ўзидан аниқки, бу сафар ҳам уддалашди.
Фикримча, жаҳон чемпионатига чиқиш — кичик Усмонов ташаббуси билан 6 йилдан буён хорижий мутахассислар шуғуллантираётган Ўзбекистон терма жамоаси учун минимум вазифа ҳисобланади.
- Максимум вазифа-чи?
- Финал босқичида ҳеч бўлмаганда гуруҳдан чиқиш. Бироқ жуда омадли қуръага қарамасдан, Колумбияда Ўзбекистон ҳаттоки Панамага ҳам ютқазиб, гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади.
- Яъни футзалимиз ҳам «катта акаси»дан кўп ҳам узоққа кетмаган?
- ЎФА сўнгги 10 йил ичида мамлакатда футзални тарғибот қилиш учун ҳеч нарса қилгани йўқ. Чемпионат ва кубок ўйинлари бир тур усули билан, кўпинча Тошкентда ўтказилади. Яъни вилоятдаги мухлислар ўз жамоаларини ойлаб кўришмайди, пойтахтдагилар эса киришмайди. Ҳар куни ўйнагандан сўнг қандай машғулот жараёни ҳақида гап бўлиши мумкин? Тикланиш ва тактик таҳлил учун вақт умуман бўлмайди.
- Сизда бу борада ижобий мисоллар борми?
- Мисоллар кўп. Россияда, масалан, чемпионат уй-сафар тизимида ташкил этилган, турлар дам олиш кунлари ўтказилади. Бундан томоша қилиш учун қулай вақтга эга бўлган мухлис ҳам, ўйинини такомиллаштириш имкониятига эга бўлган жамоалар ҳам ютади.
Менга Россия ва Ўзбекистон клубларининг молиявий имкониятларини таққослаб бўлмайди, дея эътироз билдиришлари мумкин. Яхши, лекин қўшни Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам чемпионатлар шундай схемада ўтади-ку? Лекин у ерда ҳеч ким чекланган молиявий имкониятлар ҳақида сўз очмайди. Дарвоқе, Осиё футбол конфедерацияси бу мамлакатларда футзални ривожлантиришдаги муваффақиятларни тан олди ва уларга клублар ўртасидаги қитъа биринчилигида қатнашиш учун жой тақдим этди. Ўзбекистон эса ҳозирча терма жамоанинг аввалги ўйинлари шарофати билан ўз позицияларини сақлаб қолмоқда.
Табиийки, бундай «натижалар» қатнашувчиларда ҳам, мухлисларда ҳам шундай ажойиб спорт турига бўлган қизиқишни сўндиради. ЎФА техник ривожлантириш бўйича бирор жўяли режа ҳам, тўлақонли мураббийлари мактаби ҳам йўқ. Шу сабабли, янада каттароқ ташкилотга раҳбар бўлган қолоқ ассоциация президенти кутилмаганда қандайдир янгидан-янги иқтидорларни чиқариб беришини кутиш ярамайди.
Айримлар ЎФФ ва ЎФА раҳбарлари орасидаги қариндошлик алоқаларига асосланган бу воқеаларнинг моҳиятидан яхши хабардор. Дарвоқе, нафақат Усмоновнинг ўғли ЎФАда раҳбар. Унга масалан, Рустам Толибжонов ёрдам беради у эса Терма жамоалар тайёрлаш маркази директори Асқар Толибжоновнинг ўғли. Бу одамга ҳам саволлар талайгина...
- Ўзбекистон футбол федерацияси президентини ташлашда қарор қабул қилишнинг қайси тизими сизнинг наздингизда энг самаралиси?
- Такрорлашга мажбурман: таассуфки собиқ СССР давлатларида футбол тўғридан-тўғри давлатга боғлиқ. Боғланганда ҳам ўраб-чирмалган. Аслида жамоатчилик ташкилотлари бўлиши лозим бўлган футбол федерацияларида қарорлар қабул қилиш, президентлар сайлаш, профессионал футболни молиялаштириш — буларнинг бари давлат структураларининг тўғридан-тўғри қатнашувисиз рўй бермайди.
Тизим, албатта, қарор қабул қилишнинг бир неча босқичини назарда тутади, бироқ асосийси ва ҳал қилувчиси, хусусан Ўзбекистонда, давлатнинг қароридир. Амалиётдан кўриниб турибдики, бу усул — футбол соҳасининг деградацияга учратиш учун энг мақбул йўл. Агар бирор-бир мамлакатда давлат спорт федерациялари билан баҳамжиҳат ишлаш принципларини ўзгартиришга тайёр эмас экан, у камида барча спорт турлари бўйича ишларнинг қай аҳволда эканлиги таҳлили билан шуғулланиши керак.
- Президентнинг у ёки бу муаммога диққат-эътиборини қаратувчи, турли соҳаларни назорат қилиб борадиган ёрдамчилари бор, жумладан жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳам. Наҳотки бу аниқ қарорлар қабул қилиш учун етарли бўлса?
- Замонавий жамиятнинг ривожланишида жисмоний тарбия ва спортнинг роли беқиёс. Миллат саломатлиги фуқаролар жисмоний тарбия билан шуғулланишга нечоғлик жалб этилгани билан боғлиқ, у эса иқтисодий кўрсаткичларга, давлатнинг рақобатбардошлигига ўз таъсирини ўтказади. Соҳани ривожлантириш давлатнинг ички сиёсатидаги ўта муҳим устувор вазифалар сирасига кириши керак. 
 
Риодаги олимпиада — Ўзбекистон тарихидаги энг яхшиси бўлди. Бир томондан қараганда миллий спорт равнақ топмоқда. Бироқ медалларимиз структуравий жиҳатдан таҳлил этилса, уларнинг ярмидан кўпи индивидул спорт турлари қўлга киритилганига гувоҳ бўламиз. 
 
Олимпиада ўйинларида иштирок этган шунча даврдан буён спортчиларимиз енгил атлетика ва сузиш каби спорт турларида совринли ўринларга ҳаттоки яқинлаша олишмаган, спортнинг жамоавий, ўйин турларида эса жуда кам иштирок этишган. Яъни, энг оммавий спорт турларида ортда қолаётганимиз кўриниб турибди. Бунга эса сабаблар кўп, уларнинг энг асосийси — мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни ташкиллаштиришда жиддий камчиликларга йўл қўйилаётганидир.
Давлат спортга оид жамотчилик ташкилотлари ўртасидаги ҳамжиҳатликнинг самарали механизми ишлаб чиқилмагани, давлат компаниялари ва ҳудудлар бюджетлари томонидан клубларни боқиш учун бюджет маблағларининг хўжасизларча тасарруф этилиши, спортнинг жамоавий ўйин турларини ривожлантиришда устуворликлар йўқлиги, спорт жамоатчилиги билан мулоқотнинг мавжуд эмаслиги — буларнинг барчаси кўплаб спорт турларини, жумладан, футболни ривожлантиришда йўл қўйилаётган муваффақиятсиз қадамларнинг сабабини аниқ баҳолашда давлат раҳбариятига тўсқинлик қилмоқда.
- Сиз Россия шариоитида футболни ривожлантириш дастури муаллифи ҳисобланасиз. Уни ўз ватанингиз футболига жорий этишга уриниб кўрмайсизми? Балким сиз ЎФФ президентлиги лавозими учун курашиб кўрарсиз?
- Шубҳасиз, Ўзбекистонда футболни ривожлантириш ишига ҳисса қўшишни истайман. Бироқ икки марта номзодим илгари сурилган РФИ ёки ЎФФ президентлиги лавозими мен учун асосий мақсад бўлмаган. Назарияда қанчалик гўзал бўлмасин, ривожлантириш дастурини амалиётга татбиқ этиш ва бошқарув тизимини ўзгартириш фақатгина давлат томонидан ҳам, футбол жамоатчилиги томонидан ҳам бу учун зарур шароитлар яратилгандагина мумкин бўлади. Асосийси, барча манфаатли томонлар бир мафкура билан нафас олишлари ва олдинга қўйишган мақсад ва вазифаларга етишиш учун бирлашишга тайёр бўлишлари керак. 
 
Принципиал бир ҳолатга эътиборингизни жалб қилмоқчиман: ҳеч қачон РФИ президенти сайловида қатнашиш учун ёзилган дастурим биргина менинг меҳнатим маҳсули демаганман. Албатта, ундай эмас. Бу дастур — РФИнинг футболни ривожлантириш дастури бўйича қўмитасининг меҳнати эвазига вужудга келган, кўплаб инсонларнинг биргаликдаги меҳнати. Ишонинг, соҳага доир комплекс дастурни ўйинни рвиожлантиришни мақсад қилган барча ақли расо кучларни бирлаштирмасдан, бир киши ёзишининг иложи йўқ. Уни бир киши амалиётга татбиқ этиши эса — ундан-да қийин.
Булар Алишер Аминовнинг anhor.uz сайтида «Ўзбекистон футболи: гўзал пешайвон нималарни тўсиб турибди?» сарлавҳаси остида берилган интервьюсида айтган гаплари. Энди келинг, шу сайтда эълон қилинган «Ўзбекистон футболи: бемор тирикдан ўликка кўпроқ ўхшайди» сарлавҳаси остида берилган интервьюсидан ҳам парчалар келтирамиз:
«Сўнги йилларда Ўзбекистон Федерацияси қандай бошқарилмоқда? Барча кадр масалалари, жумладан, терма жамоа мураббийини тайинлаш қарори ҳам фақат биргина инсон – ЎФФ президенти (Мирброр Усмонов) томонидан мустақил амалга оширилган. Вазиятни таҳлил қилиш, баҳолаш ва ўз хулосасини бериш билан шуғулланиши ва раҳбар томонидан эътиборга олиниши керак бўлган мураббийлар кенгаши деярли ишламайди. Натижа бўлмаганда эса, президент эмас, мутахассислар жавобгар бўлади».
Фото: Мираброр Усмонов
«ЎФФнинг молиявий фаолияти шаффоф эмас – ҳатто федерация ходимлари ҳам ташкилотнинг бюджети ва харажатлари ҳақида маълумотга эга эмас. Уларга буни билиш нега керак? Ахир ҳаммасини ЎФФ президентининг ўзи ҳал қилади-ку? Муҳим масалаларни ҳал қилиши керак бўлган ҳеч қандай орган ишламайди, футболчиларнинг ҳам, мураббийларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган касаба уюшмаси йўқ. Натижада мураббийларнинг ҳам, футболчиларнинг ҳам талаблари умуман эътиборга олинмайди, чунки федерацияда уларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиганлар мавжуд эмас. Клублар эса, улар билан истаган ишини қилиши мумкин, шартнома бандларини бемалол эътиборсиз қолдираверадилар. Ахир жабрланувчилар ҳеч қаерга шикоят қила олмайдилар».
«Ўзбекистон терма жамоасининг ягона ғалабаси Хиросимага тўғри келади. Бу тарихий ғалаба ҳам аслида совет давридаги футболчи тайёрлашдаги ютуқларимиз ва ўша жамоанинг тажрибали мураббийлар штаби туфайли бўлганди. Аммо бу ютуқ кейинги ривожланиш учун туртки бўлмади».
«Ўзбек футболидаги менежмент соҳаси, оддий қилиб айтганда, яхши эмас, ЎФФ ҳам, лига ҳам, таълим соҳаси ҳам футбол менежерларини тайёрлайдиган замонавий тизим ярата олмадилар. Спорт соҳаси учун тажрибали юристлар тайёрланмайди».
«Айтиш мумкинки, Ўзбекистондаги профессионал футбол инқироз ёқасида: лигалар ривожланмаяпти, клублар аниқ ғоя ва мақсадлар учун ишламаяптилар, даромадлар ва харажатлар ўртасида жуда катта фарқлар мавжуд, клублар давлатлар молиявий ёрдам олган ҳолда ўз вазифаларини, хусусан рақобатбардош футболчиларни тарбиялай олмаяптилар».
«Футболимизнинг иқтисодий модели тош асри даражасида қолиб кетган, замонавий эмас!»
Футбол журналисти Қаҳрамон Асланов А.Аминовнинг биринчи интервьсидан кейин шундай деб ёзади: 
- Мен мутахассис бўлмаганим учун, бу фикрлар қай даражада ҳақиқат ёки нотўғри, баҳолаш савиясида эмасман. Интервьюни тўлиқ ўқиган одам, Алишер Аминовнинг ЎФФни бошқариш истаги борлигини, шу билан бирга, Ўзбекистонда футболни ривожлантириш учун ўз режасига эга эканини осонлик билан пайқай олади.
Мен мутахассис бўлмаганим учун, Аминов ЎФФ раҳбари бўлса, футболимиз ҳозиргидан ёмонроқ бўладими, яхшироқми, буни аниқ айта олмайман. Аминовнинг режалари, стратегиялари қай даражада ишлаши мумкин, бу ҳақда ҳам жим тураман.
Мен эътибор берган жиҳат, бу инсоннинг 2013 йилнинг сентябрида «Интерфутбол» газетаси махсус мухбири Мавлон Шукурзодага берган интервюси бўлди. Ушбу интервюни мана бу ерда тўлиқ ўқиб чиқишингиз мумкин, эътиборингизга менинг мавзуимга мос қисми таржимасини ҳавола қиламан:
«Умуман олганда, Ўзбекистондаги футбол ривожланиши етарлича жадал давом этмоқда. 22 йиллик мустақиллик йилларида ўзбек футболи мақсадли йўналишда олдинга қадам ташлади, айниқса, сўнгги 10 йилда бу нарса янада кўзга ташланди. Бутун дунё ўзбек футболи ютуқларига гвоҳ бўлиб турибди. Хиросимадаги ғалаба Ўзбекистонда футболнинг совет йилларида ҳам яхши эканини кўрсатган бўлса, кейинги натижалар – клубларимизнинг чемпионлар лигасида, турли ёшдаги терма жамоаларнинг жаҳон чемпионатларидаги иштироклари кейинги йилларда ҳам Ўзбекистон футболидаги барча соҳалар тизимли тарзда ривожланиб бораётганидан далолат қилмоқда.
Ёшлар дунёнинг кучли саккизталигига кирдилар, миллий терма жамоа Осиёдаги энг кучли беш жамоадан биридир. Саудия Арабистони, Эрон, Корея ва Япония каби ЖЧ иштирокчилари ҳам терма жамоангиздан ҳайиқиб турадилар.
Истиқболда, менинг фикримча, энг яхши ёш футболчилар Европадаги кучли жамоаларда ўйнай бошлайдилар. Тошкентда, Қарши, Самарқанд ва Бухорода ажойиб замонавий стадионлар қурилди.
Футбол академияларининг қурилиши, замонавий мураббийларни тайёрлаш тизими, ҳакамларни ўқитиш услуби – буларнинг ҳаммаси футболнинг мақсадли ривожланиш йўлида бораётганидир. Мен Ўзбекистоннинг бу ютуқлари билан фахрланаман.
Мамлакат президенти, ҳукумат ва ЎФФ раҳбарияти ўз халқи учун, келажак авлод учун, уларнинг соғлом етишишлари учун нима керак бўлса, ҳаммасини бажаришмоқда»
«Юқорида келтирган парча интервьюдаги фикрларга мутлақо терс, аммо бунга ишониш қийин бўлса-да, айнан бир инсон — Алишер Аминов томонидан айтилган. Янаям ишониш қийин бўлган жиҳат: бу икки интервью орасидаги фарқ атиги уч йилни ташкил қилмоқда, холос. Бу фикрлар оддий бир журналистнинг осонлик билан ўзгариб турадиган фикрлари эмас, экспертнинг «диагнози»дир. Эътибор берган бўлсангиз, бу диагноз турли даврлар учун эмас, айнан бир давр учун, фақат икки пайтда айтилмоқда холос.
Савол туғилади, мана шу уч йилда Аминовнинг фикрларини кескин ўзгартириб юборадиган қандай воқеа бўлди? Нима ўзгарди?! Мираброр Усмоновнинг ЎФФ бошига келганига ўн йилдан ошган бўлса, ахир Аминов дастлабки интервьюсида айниқса сўнгги 10 йилда ривожланиш кўзга ташланганини айтмаётганмиди?
Ўйлаб-ўйлаб топдим! Сўнгги уч йилда Ўзбекистон футбол федерацияда кузатилган ўзгаришни ниҳоят топдим. Рустам Акрамов энди ЎФФда ишламаяпти. Бу воқеага ҳам бир йилдан ошди. Рустам Акрамов эса — Алишер Аминовнинг тоғаси бўлади.
Фото: Рустам Акрамов
Биласизми, қачон ривожланамиз? Футболимиз муаммоларини очиқ-ойдин айта оладиган холис экспертларимиз пайдо бўлишса. Улар кўпайишса. Бунинг учун уларнинг тоғаларини олдин ЎФФга ишга олиб, кейин ҳайдаш керакмикин...» — дея якунлаган эди Қ.Асланов интервью борасидаги ўз фикрини.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Гўзал пешайвон нималарни тўсган?» — ЎФФдаги якка ҳокимчилик ва қариндош-уруғчилик ҳақида