Жоау Палиньи Sporting CPга қайтиш учун маошининг камайишига рози бўлди

Португалиялик ярим ҳимоячи Жоау Палиньи жорий ёзги трансфер ойнасида ўзининг собиқ жамоаси Sporting CPга қайтиш учун молиявий қурбонликка тайёрлигини билдирди. Бавария аъзоси ҳисобланган ва ўтган мавсумни Тоттенхем сафида ижарада ўтказган футболчи Лиссабон клубининг 2026-2027-йилги мавсум олдидан асосий нишонига айланган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Sporting раҳбарияти ва бош мураббий Руи Боргес 30 ёшли футболчини жамоани тарк этиши кутилаётган Мортен Хьюлманннинг ўрнига идеал номзод сифатида кўрмоқда. Гарчи Палиньининг трансфер қиймати юқори бўлса-да, футболчининг оиласи бағрига қайтиш истаги ва собиқ клубига бўлган садоқати музокараларда ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин.
Ҳозирда Бавария билан 2028-йилга қадар шартномага эга бўлган Палиньи йилига тахминан 9 миллион евро маош олади. Португалия клублари учун бу жуда катта рақам ҳисоблангани сабабли, футболчи трансферни амалга ошириш учун ўз маошини максимал даражада камайтиришга розилик берган. Sporting ҳозирда немис гиганти билан трансфер суммаси ёки сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара масаласини муҳокама қилмоқда.
Тоттенхем учун омадсиз кечган ва жамоа Англия Премер-лигасида зўрға жон сақлаб қолган мавсумда Палиньи энг яхши ўйинчилардан бири бўлди. У барча мусобақаларда 45 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол ва 2 та ассист қайд этди. Жамоа бош мураббийи Роберто Де Зерби футболчини 26 миллион фунт эвазига тўлиқ сотиб олишни истаётганига қарамай, А Бола нашрининг хабарига кўра, футболчининг кўнгли Португалияга қайтишга мойил.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!