Кака: Бразилия терма жамоасидаги босим ва Неймар ҳамда Винисиус Жуниор ҳақида

Бразилия футболи афсонаси Кака ГОАЛ нашрига берган эксклюзив интервюсида 20 ёшида Жаҳон чемпиони бўлгани, Винисиус Жуниор ва Неймар зиммасидаги улкан масъулият ҳамда "Селесао"нинг олтинчи юлдуз ҳақидаги орзулари ҳақида сўзлаб берди. 2002-йилги мундиалда Кака асосан захирада ўтирган бўлса-да, у Роналдиньо, Роналдо ва Ривалдо каби буюк устозлардан сабоқ олганини таъкидлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
"Ўшанда мен ҳар куни уларни кузатардим. Машғулотларда ўзини тутиши, ўйин услуби — буларнинг барчаси мен учун мактаб эди. Учта Олтин тўп соҳиби билан бир жамоада бўлиш ақлбовар қилмас тажриба эди", — дейди Кака ўша даврларни ёдга олиб. Гарчи у ўша турнирда бор-йўғи 25 дақиқа ҳаракат қилган бўлса-да, кубокни боши узра баланд кўтариш ҳисси унинг фаолиятида ўчмас из қолдирган.
Кака Бразилия терма жамоасида ўйнашнинг ўзига хос босими ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу босимни тушунтириб бериш қийин ва уни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Ҳозирги кунда Винисиус Жуниор ва Неймар каби юлдузлар айнан мана шу юкни ўз елкаларида кўтариб келишмоқда. Бразилиялик бўлиш ва футбол ўйнаш — бу шунчаки клублардаги муваффақият эмас, балки бутун бир миллат умидини оқлаш демакдир.
Фаолияти давомида Милан билан Чемпионлар лигаси ғолиби бўлган ва 2007-йилда Олтин тўпни қўлга киритган Кака, тарихдаги энг буюк ўйинчилардан бири ҳисобланади. У Жаҳон чемпионати, Чемпионлар лигаси ва Олтин тўпни ютган кам сонли 10 нафар футболчидан биридир. Реал Мадрид ва Сãо Пауло клубларида ҳам тўп сурган афсона, Бразилия футболининг эволюциясини бевосита ичидан ҳис қилган инсон сифатида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!