Ўзбекистонлик ёш курашчилар Осиё чемпионатида бешта медаль олди

Вьетнамда спорт курашлари бўйича U-17 ёш тоифасидаги Осиё чемпионати давом этмоқда. Қитъа биринчилигининг навбатдаги куни ҳам Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли ўтди. Юнон-рум ва қизлар кураши баҳсларида ҳамюртларимиз жами 5 та медалга сазовор бўлди.
Куннинг энг ёрқин натижаси -80 кг вазн тоифасида иштирок этган Абдулазиз Холмирзаев ҳисобига ёзилди. У барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медаль соҳиби бўлди. Шунингдек, -65 кг вазнда курашган Сардор Маҳмудов финалгача етиб бориб, кумуш медални қўлга киритди.
Бронза медалларини эса -71 кг вазнда Қодиржон Фозилов, -40 кг вазнда Зайтуна Сапарова ва -61 кг вазнда Сийсагул Сарсенбаева терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйди. Бу натижалар ёш полвонларимизнинг халқаро майдонда тобора тобланиб бораётганини кўрсатади.
Якунда юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 161 очко жамғарди ва умумжамоа ҳисобида Эрондан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Бу натижа ёшлар курашида Ўзбекистон мактаби қитъа миқёсида ҳам кучли рақобатчи эканини яна бир бор исботлади.
Қисқаси, Вьетнамдаги U-17 Осиё чемпионатида ўзбекистонлик ёш курашчилар 1 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медални қўлга киритди. Бу ҳали катта йўлнинг боши — бу болалар эртага катталар майдонида ҳам “биз келдик” деб қўядиган авлоддан.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!