Луис Энрике ПСЖ билан ўн иккинчи совринини қўлга киритди

“ПСЖ” бош мураббийи Луис Энрике Париж клубидаги фаолиятида навбатдаги катта ютуққа эришди. Испаниялик мутахассис жамоа билан Чемпионлар лигасида кетма-кет иккинчи бор ғолиб чиқиб, “ПСЖ”даги совринлари сонини 12 тага етказди.
Парижликлар финалда Лондоннинг “Арсенал” клубига қарши майдонга тушди. Асосий вақт 1:1 ҳисобида якунланганидан сўнг, ғолиб номи пеналтилар сериясида аниқланди. Унда “ПСЖ” 4:3 ҳисобида устун келиб, Европа футболида яна бир бор ўз ҳукмронлигини намойиш этди.
Луис Энрике “ПСЖ” билан уч марта Франция чемпионати ва мамлакат Суперкубогини, икки мартадан Франция кубоги ҳамда Чемпионлар лигасини қўлга киритди. Шунингдек, у парижликлар билан УЕФА Суперкубоги ва Қитъалараро кубокда ҳам зафар қучди.
Умумий ҳисобда Энрикенинг мураббийлик фаолиятидаги совринлари сони 21 тага етди. У аввал “Барселона” билан ҳам улкан муваффақиятларга эришган. Каталония клуби билан уч марта Испания кубоги, икки марта Ла Лига, бир мартадан Испания Суперкубоги, Чемпионлар лигаси, УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган.
Қисқаси, Луис Энрике яна бир бор катта финаллар мураббийи эканини исботлади. “ПСЖ” унинг қўл остида нафақат Францияда, балки Европада ҳам барқарор чемпионлик даражасига чиқди. Энди Парижда гап битта: бу жамоа шунчаки ғалаба қозонмаяпти, тарих ёзяпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!