Испанияда автобус 20 метрлик жарликка қулади, 87 киши жароҳатланди

Испанияда автобус 20 метрлик жарликка қулади, 87 киши жароҳатланди

Испаниянинг Барселона шаҳри яқинида автобуснинг йўлдан чиқиб кетиб, тахминан 20 метр пастликка қулаши оқибатида камида 83 киши жароҳатланди. Кейинги маълумотларга кўра, тиббий ёрдам кўрсатилганлар сони 87 нафарга етган. Бу ҳақда BB хабар берди.

Ҳодиса 25 октябрь куни Каталония минтақасидаги Фогарс-де-Монтклус ҳудудида, тор ва бурилишлари кўп BV-5114 автомобиль йўлида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, автобус йўлдан чиқиб кетиб, тахминан 20 метр пастликка қулаган.

Дастлабки хабарларда етти киши оғир, 18 киши ўртача оғирликда, 58 киши эса енгил тан жароҳатлари олгани айтилган. Кейинги маълумотларда жароҳатланганлар сони 87 нафарга етгани қайд этилган.

Ҳодиса жойига 23 та тез ёрдам машинаси ва иккита тиббий вертолёт юборилган. Қутқарув ишларига ўт ўчирувчилар, тиббиёт ходимлари, тоғ-қутқарув бўлинмалари ҳамда психологик ёрдам гуруҳлари жалб этилган.

Каталония ҳукумати соғлиқни сақлаш вазири Олга Пане қутқарувчилар ҳодиса жойи ва унинг атрофини текшириб, бошқа жабрланганлар бор-йўқлигини аниқлаётганини билдирган. Ҳудуднинг мураккаб рельефи қидирув-қутқарув ишларини қийинлаштирган.

Автобуснинг йўлдан чиқиб кетиши сабаблари юзасидан текширув олиб борилмоқда. Дастлабки хабарларда ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот берилмаган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар