Қизлар спортни нега ташлайди? «Катта опа» бунга ечим топди

Катта опа лойиҳаси аъзолари ҳар ҳафта мактабдан кейин Истлида учрашишади.
Буюк Британияда ўсмир қизларни спортда ушлаб қолишга қаратилган «Катта опа» лойиҳаси кутилганидан ҳам муҳим натижа бермоқда. Фақат қизлар қатнашадиган машғулотлар, хотиржам муҳит ва ёш мураббийларнинг қўллаб-қувватлаши уларга ўзини эркин ҳис қилиш ва спортга қайта қизиқиш имконини беряпти.
Тадқиқотларга кўра, аввал ўзини спортчи деб ҳисоблаган қизларнинг 43 фоизи ўсмирлик даврида жисмоний фаолликка бўлган муҳаббатини йўқотади. Лойиҳа ана шу хавотирли тенденцияни ўзгартиришга уринмоқда.
Қизлар нега машғулотларни ташлаб кетади?
«Спортдаги аёллар» хайрия ташкилоти ўтказган ўрганишда қизларнинг спортдан узоқлашишига бир нечта омил сабаб бўлиши аниқланган.
Энг кўп тилга олинган муаммолардан бири — бошқалар уларни доим баҳолаётгандек ҳис қилиш. Айрим ўсмирлар ўзини етарлича кучли, эпчил ёки яхши кўринмайди, деб ўйлайди.
Ўғил болалар билан бирга ўтказиладиган машғулотларда эса баъзи қизлар хато қилишдан, масхара бўлишдан ёки ўзини бошқалар билан таққослашдан хавотир олади. Натижада улар имкониятини синаб кўриш ўрнига спортни бутунлай ташлаб кетади.
Фақат қизлар қатнашадиган хавфсиз муҳит
«Катта опа» дастурида 9 ёшдан 15 ёшгача бўлган қизлар турли спорт турларини синаб кўришга рағбатлантирилади. Машғулотларда баскетбол, футбол, фитнес ва спорт залидаги жисмоний машқлар қамраб олинади.
Лойиҳанинг энг фаол марказларидан бири Ҳемпшир графлигининг Истли шаҳридаги Places Leisure Center’да жойлашган.
Бу ерда қизлар ҳар ҳафта мактабдан кейин учрашади. Улардан дарҳол юқори натижа талаб қилинмайди. Асосий эътибор ҳаракатдан завқ олиш, янги дўстлар орттириш ва ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлашга қаратилади.
11 ёшли Поппи дастурдаги машғулотларни «қизиқарли» деб атади.
«Мен дўстлар орттираман ва жисмонан бақувват бўламан», — деди у.
«Қизлар ҳам ҳамма нарсани қила олади»
14 ёшли Холлининг фикрича, фақат қизлардан иборат муҳит алоҳида қўллаб-қувватлаш ҳиссини беради.
«Ўғил болалар кўпинча ўзларини ҳамма нарсада, айниқса спортда яхшироқ деб ўйлайди. Бу машғулот эса қизлар ҳам улар қила оладиган ишларни бажаришини кўрсатади», — деди у.
Холлига кўра, машғулотда фақат қизларнинг бўлиши уларни эркинроқ ҳаракат қилишга ва ўз кучини синаб кўришга ундайди.
Бу ерда натижадан кўра иштирок, рақобатдан кўра бир-бирини қўллаб-қувватлаш муҳимроқ.
Мураббий эмас, ишончли «катта опа»
21 ёшли Талия Брукс лойиҳада йўриқчи ва элчи сифатида фаолият юритади. Унинг вазифаси фақат машқларни кўрсатиб беришдан иборат эмас.
Талия қизлар учун ишончли «катта опа» бўлишга, уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади.
«Улар менга ишониши мумкин. Бирор муаммоси бўлса, келиб мактаб, ҳайз ёки бошқа ташвишлари ҳақида гаплашиши мумкин», — деди у.
Брукснинг таъкидлашича, ўғил болалар иштирокида айрим қизлар ўзини тўхтатиб, машқни бажаришдан воз кечади. Фақат қизлар қатнашадиган муҳитда эса улар ўзини эркин тутиб, янги ҳаракатларни қўрқмасдан синаб кўради.
Натижа: қизларнинг 60 фоизи спортни кўпроқ ёқтирган
Дастлаб давлатнинг тампон солиғи гранти ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳа ҳозир Places Leisure билан ҳамкорликда Буюк Британиянинг 80 дан ортиқ марказида амалга оширилмоқда.
Айрим иштирокчилар спорт залига бепул аъзо бўлиш ва машғулотларда қатнашиш имкониятига эга. Бошқалар учун эса имтиёзли тарифлар таклиф қилинади.
«Спортдаги аёллар» ташкилоти вакили Рейчел Уильямснинг айтишича, дастурда қатнашган қизларнинг 60 фоизи кейинчалик спортни аввалгидан кўпроқ ёқтиришини билдирган.
Лойиҳа нафақат жисмоний фаолликни оширмоқда, балки қизларнинг бахти, чидамлилиги ва янги нарсаларни синаб кўришга тайёрлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Энг муҳим сабоқ — бошқаларнинг фикридан қўрқмаслик
Талия Брукс машғулотлардан кейин қизларнинг тобора ишончли ва хотиржам бўлиб бораётганини кўришини айтди.
У спорт залида ҳамма уларга қараётгандек туюладиган қизларга оддий, аммо таъсирли фикрни тушунтиради:
«Аслида ҳеч ким сизга қарамаяпти. Одамлар кўзгуда ўзларига қараяпти».
Поппи эса дастурда ўрганган энг катта сабоғини бир жумла билан ифодалади:
«Ҳеч кимнинг фикрини ўйлама, фақат ўзинг бўлишни ўйла».
«Катта опа» тажрибаси қизларни спортда ушлаб қолиш учун қиммат жиҳозлардан кўра, хавфсиз муҳит, ишонч ва уларни тушунадиган инсон муҳимроқ эканини кўрсатмоқда.































Изоҳлар 0
…