ОКМКдан 4 та гол, «Андижон»дан камбек: 13-тур якунлари...

ОКМКдан 4 та гол, «Андижон»дан камбек: 13-тур якунлари...

Ўзбекистон Суперлигасининг 13-турида мухлислар сермаҳсул ва кескин учрашувларга гувоҳ бўлди. ОКМК сафарда «Қўқон-1912»ни йирик ҳисобда мағлуб этган бўлса, «Андижон» Тошкентда икки тўплик фарқни йўққа чиқариб, «Локомотив»дан очко тортиб олди.

«Машъал» ва «Насаф» ўртасидаги баҳсда эса ғолиб аниқланмади. Учрашув 1:1 ҳисобида якунланиб, жамоалар биттадан очкога эга чиқди.

Собиржонов дубли ОКМКга йирик ғалаба келтирди

ОКМК «Қўқон-1912»га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида рақиб дарвозасини ишғол эта олмади. Аммо танаффусдан кейин Олмалиқ клуби ҳужумдаги фаоллигини кескин оширди.

47-дақиқада Асадбек Собиржонов ҳисобни очди. Орадан саккиз дақиқа ўтиб, захирадан майдонга тушган Нодирбек Абдураззоқов меҳмонларнинг устунлигини икки тўпга етказди.

59-дақиқада Собиржонов иккинчи голини уриб, дублни расмийлаштирди. «Қўқон-1912» 66-дақиқада Иброҳим Йўлдошевнинг голи орқали фарқни қисқартирди, бироқ бу камбек учун етарли бўлмади.

74-дақиқада Сиаваш Ҳақназари учрашувдаги сўнгги голни киритиб, якуний ҳисобни белгилади — 1:4.

«Қўқон-1912» — ОКМК — 1:4

Голлар: Собиржонов, 47, 59; Абдураззоқов, 55; Йўлдошев, 66; Ҳақназари, 74.

«Насаф» танаффусгача жавоб қайтарди

«Машъал» ва «Насаф» ўртасидаги баҳсда ҳисоб 18-дақиқада очилди. Мезбонлар ҳимоячиси Страхиня Бошняк рақиб дарвозасини ишғол этиб, жамоасини олдинга олиб чиқди.

Бироқ «Машъал» устунликни биринчи бўлим якунигача сақлаб қола олмади. 39-дақиқада Сардор Баҳромов гол уриб, мувозанатни тиклади.

Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоада натижани ўзгартириш имкониятлари бўлганига қарамай, бошқа гол урилмади.

«Машъал» — «Насаф» — 1:1

Голлар: Бошняк, 18; Баҳромов, 39.

«Локомотив» икки тўплик устунликни сақлай олмади

Турнинг энг драматик учрашуви Тошкентда ўтди. «Локомотив» биринчи бўлим якунида Абдуллоҳ Йўлдошевнинг голи билан олдинга чиқди.

53-дақиқада Сардор Мирзаев ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Шу пайтда мезбонлар ғалабага яқиндек кўринганди, аммо «Андижон» вазиятни ўзгартиришга муваффақ бўлди.

68-дақиқада Александре Андрокинашвили фарқни қисқартирди. Тўрт дақиқадан кейин Драган Черан ҳисобни тенглаштирди — 2:2.

79-дақиқада Николай Иванов «Локомотив»ни яна олдинга олиб чиқди. Бироқ учрашувнинг 89-дақиқасида Ҳамидулло Каримов андижонликларни мағлубиятдан қутқарди.

«Локомотив» — «Андижон» — 3:3

Голлар: Йўлдошев, 43; Мирзаев, 53; Андрокинашвили, 68; Черан, 72; Иванов, 79; Каримов, 89.

ОКМК тўртинчи ўринга кўтарилди

Мазкур натижалардан кейин ОКМК очколарини 22 тага етказиб, турнир жадвалининг тўртинчи поғонасига кўтарилди.

«Локомотив» 19 очко билан еттинчи, «Насаф» 18 очко билан саккизинчи ўринда бормоқда. «Андижон» 17 очко билан тўққизинчи поғонани эгаллаган.

«Машъал» эса 13 турдан кейин тўрт очко билан жадвалнинг сўнгги ўрнида қолди. Жамоа «Насаф»дан очко олган бўлса-да, хавфли ҳудуддан чиқиш учун кейинги учрашувларда ғалабаларга муҳтож.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар