Ўзбекистон ўсмирлари Жаҳон чемпионатини 4 медаль билан бошлади

Ирода Сирожиддинова -40 кг вазн тоифасида барча рақибаларини мағлуб этиб, ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионига айланди. Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг биринчи кунида 1 та олтин ва 3 та бронза медалини қўлга киритди. Бронза медалларига Бобур Юсупов (-55 кг), Алина Колючева (-44 кг) ва Чарос Ҳикматова (-48 кг) сазовор бўлди. Ўзбекистон 60 давлат орасида умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллаб турибди.
Эквадорнинг Гуаякил шаҳрида ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати старт олди. Мусобақанинг биринчи куни Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли ўтди.
Аурелио Чиприан-Флис бошчилигидаги кадетларимиз дастлабки кун якунига кўра 1 та олтин ва 3 та бронза медалини қўлга киритди.
Ирода Сирожиддинова — Жаҳон чемпиони!
-40 кг вазн тоифасида иштирок этган Ирода Сирожиддинова барча рақибаларини мағлуб этиб, ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионига айланди.
Сирожиддинова мусобақани иккинчи босқичдан бошлаб, унда озарбайжонлик Сунай Саламова, ярим финалда россиялик Эмилия Сайфутдинова, финалда эса қозоғистонлик Адия Жанахмет устидан ғалаба қозонди.
Шу тариқа, олис Эквадорда Ўзбекистон мадҳияси янгради.
Қайд этиш жоиз, Ирода Сирожиддинова бир ой аввал Иорданияда ўтказилган Осиё чемпионатида ҳам олтин медални қўлга киритган эди.
Яна 3 та бронза
Ўзбекистон терма жамоасининг яна уч нафар вакили шоҳсупага кўтарилди:
Бобур Юсупов — -55 кг;
Алина Колючева — -44 кг;
Чарос Ҳикматова — -48 кг.
Биринчи кунги баҳслардан сўнг Ўзбекистон 1 та олтин ва 3 та бронза медали билан 60 давлат орасида умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллаб турибди.































Изоҳлар 0
…