Шу кунларда жаҳон чемпионатига чиқиш масаласи ўзбек футболининг бош мавзуси бўлиб турибди.
Эронга мағлуб бўлганимиздан сўнг бу мавзу бироз совуган, гўёки имконият бошқа қолмаганди, аммо эртаси куни Қатар Жанубий Кореяни 3:2 ҳисобида ютиб бергач, яна ҳаммаси жойига тушди.
Эндиликда яна ҳаммаси ўз қўлимизда, олдимизда иккита ўйин қолди ва иккаласида ғалаба қозонсак, марра бизники. Рақиблар қандай ўйнади, фалончи жамоа ютдими деб қараб ўтирмаймиз. Иккита ўйинда ғалаба қозонсак, очколаримиз 18 тага етади ва қарабсизки биз жаҳон чемпионатидамиз!
Олдинда бизни иккита ўта муҳим баҳс кутмоқда: 31 август куни сафарда Хитой меҳмони бўлсак, 5 сентябрь Тошкентда Жанубий Кореяни қабул қиламиз ва шу билан саралашнинг гуруҳ ўйинлари ўз якунига етади. Ҳозирги шароитдан келиб чиққанда Хитой ҳам, Жанубий Корея ҳам бизга нисбатан жуда кучли эмас. Шундай экан, иккала рақибни ҳам мағлуб этса бўлади. Ҳар ҳолда бунга футболчиларимиз кучи етишига тўлиқ ишонамиз.
Афсуски, Эронга қарши баҳс биз учун муваффақиятсиз якунланди. Биз рақибга қарши айтарли ҳеч нарса қила олмадик. Бошқалар қатори мен ҳам бу ўйинни катта қизиқиш ва интиқлик билан кутдим. Сайтимиз орқали Эрон билан ўйинга фалончи кун қолди дея ҳар куни бўлмаса ҳам тез-тез шуни эслатиб турдик. Лекин натижа ва ўйин барчамизнинг ҳафсаласини пир қилди.
Мағлубиятдан ҳамманинг — мураббийлардан тортиб футболчилар, мухлислар-у мутахассисларнинг дили ғаш бўлгани бор гап. Лекин Миржалол Қосимов айтганидек, ўзбекларда ҳар доим имконият бўлган ва мана шу имконият ҳозир ҳам ўз қўлимизда.
Ҳозир шундай ҳолатдамизки, келаси йил Россияда бўлиб ўтадиган жамҳон чемпионатига боришимизга ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди. Баъзилар айтганидек, жаҳон чемпионатига чиқишга тайёрмизми, чиқсак у ерга бориб йирик ҳисобда юқазиб келсак бундан нима фойда каби гапларга умуман аҳамият бериш керак эмас. Чунки Ўзбекистонда футбол ривожланиши учун ҳам терма жамоамиз жаҳон чемпионатига бориши шарт.
Хўш, жаҳон чемпионатига чиқдик ҳам дейлик, бу бизга нима беради? Масалан, шахсан мен бунда ҳеч бир салбий жиҳатни кўрмаяпман. Россияга бориб йирик ҳисобда ютқазамизми ё ўйнай олмаймизми бу умуман бошқа масала. Бугунги кун тартибидан ўрин олган мавзу бу эмас. Лекин чиқсак, ривожланиш сари жуда катта сакрашни амалга оширамиз.
Биринчидан, агар жаҳон чемпионатига чиқсак, Ўзбекистон ҳукуматининг футболга бўлган эътибори ошади. Баъзи бир салбий қарашлар ўз-ўзидан ижобий томонга ўзгаради. Давлат футбол ривожи, керак бўлса, терма жамоамизнинг жаҳон биринчилигида муносиб иштироки учун алоҳида дастур тузиб чиқади. Ўзбек футболи мавзуси юқорида доирадаги мажлисларда кун тартибидан ўрин олади.
Иккинчидан, агар жаҳон чемпионатига чиқсак, Россия бизга узоқ ё бегона эмас. У ерга бориб худди уйдагидек ўзимизни ҳис қилишимиз мумкин. Тилни биламиз, урф-одатларни биламиз, қолаверса уларнинг ҳам бизга нисбатан ҳурмат ва муносабати бўлакча.
Учинчидан, агар жаҳон чемпионатига чиқсак, ўзбек мухлислари яна стадионга қайта бошлайдилар. Олий лига тугул, биринчи лигага ҳам қизиқиш кучаяди. Одамлар футболга бошқача кўз билан қарашади. Айниқса, олий лигага эътибор кучаяди. Ҳатто оддий ўйинларга ҳам ишқибозлар ташрифи ошади.
Тўртинчидан, агар жаҳон чемпионатига чиқсак, Россиядаги мусобақада терма жамоамизни ҳеч ким ёлғизлатиб қўймайди. Аввало у ерда истиқомат қилаётган ватандошларимиз кўп. Қолаверса, Ўзбекистондан неча минглаб одамлар боришини бир тасаввур қилиб кўринг-а. Ишонаманки, жаҳон чемпионатига борсак, энг кўп мухлис Россиядан кейин Ўзбекистонники бўлади. (Ва яна шуни айтиш мумкин, россияликлар ҳам бизга ишқибозлик қилишади).
Бешинчидан, агар жаҳон чемпионатига чиқсак, дунё Оммавий ахборот воситаларининг бизга бўлган эътибори ошади. Бошқа 31та терма жамоа қатори бизни ҳам бутун дунёда гапиришади. Керак бўлса, ҳатто Россия матбуоти бизни бутун жаҳонга реклама қилиб беради. Россиянинг барча спортга оид каналлари биз ҳақимизда лавҳалар тайёрлайди, ҳеч қандай таржимонсиз интервьюлар олишади.
Олтинчидан, агар жаҳон чемпионатига чиқсак, ҳали Россияга бормасимиздан олдин Ўзбекистондаёқ ОАВнинг футболга бўлган эътибори кучаяди. Катта эҳтимол билан «Спорт» телеканали олий лиганинг деярли барча учрашувларни жонли равишда намойиш этишни бошлайди. Биринчи лига ўйинлари ёритилади. Матбуот анжуманлари, футбол тадбирлари журналистлар билан қайнайди.
Еттинчидан, агар жаҳон чемпионатига чиқсак, терма жамоамиз ўртоқлик учрашуви ўтказиш учун рақиб топишда қийналмайди. Рақиблар ўзи бизни топади. Тошкентга ҳатто манаман деган жамоаларни ҳам чақириш имконига эга бўламиз. Керак бўлса, ким билан ўйнаш лозимлигини биз ҳал қиламиз.
Саккизинчидан, агар жаҳон чемпионатига чиқсак, ОФК олдидаги эътиборимиз ошади. Улар биз томондан бериладиган маслаҳатларга ҳам қулоқ тутишади. Аввало ФИФАнинг ўзи бизга қизиқишни бошлайди. Керак бўлса, ФИФАдан раҳбарлар, журналистлар келиб ўзбек футболи билан яқиндан танишишади. Биз ҳақимизда инглиз, испан, немис, итальян, француз ва бошқа халқаро тилларда ёзишади.
Тўққизинчидан, агар жаҳон чемпионатига чиқсак, Ўзбекистон ёшларининг футболга қизиқиши кескин даражада кучайиб кетади. Ўғлини футбол мактабига бериш учун ота-оналар ҳатто навбат кутишади. Бунинг ортидан кўплар мактаблар, стадионлар ва майдонлар эпақайга келтирилади. Катталар футболи эса чинакам профессионал тус олади.
Ўнинчидан, агар жаҳон чемпионатига чиқсак, бундан аввало ўзбек мухлислари, Ўзбекистон халқи ютади. Футболимиз раҳбарлари, мураббийлар, футболчилар, журналистлар, мухлислар — хуллас ҳаммамиз ютамиз. Халқнинг кўзида қувонч порлайди, футбол биз учун байрам тусини олади.
Бу рақамларни ўн биринчидан, ўн иккинчидан… йигирманчидан, хуллас исталганча давом эттириш мумкин. Юқори айтиб ўтганимиздек, агар жаҳон чемпионатига чиқсак, йирик ҳисобларда ютқазиб бекорга шарманда бўлиб қайтамиз дея умуман салбий фикрга бориш керак эмас. Инсон доим яхшиликни ўйлаб, яхшиликка интилиб яшаши керак. Зеро, ҳаётда бўлгани каби футболда ҳам яхши натижалар яхши ўйлардан кейин келади.
Шундай экан, барча футболчи ва мураббийлардан илтимос қиламиз, навбатдаги икки ўйинда ғалаба қозонинг ва Ўзбекистон халқига қувонч улашинг. Чунки халқимиз бу дамларни 26 йилдан бери кутмоқда. Биз ҳар доим Сизларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Ишонинг, ёзилаётган танқидлар ва гапирилаётган аччиқ гаплар Сизларни ёмон кўришимиздан эмас, балки мундиал эшигини очинглар дейишга қаратилган.
Жаҳон чемпионатига боришни футболчиларимиз ҳаммадан кўп хоҳлаётганини биламиз ва бу йўлда уларга омад тилаймиз. Ишонинг, Хитой ҳам, Жанубий Корея ҳам бугунги кунда ютиб бўлмайдиган рақиблар эмас. Ахир қачондир шов-шув юз бериб Ўзбекистон ҳам жаҳон чемпионатига чиқиши керак-ку ва насиб қилса бу кунларни кўришимизга оз қолди.
Манба: championat.asia “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин