Францияда 17 ёшли регбичи учрашувда олган жароҳати оқибатида вафот этди

Франциянинг «Union du Bassin Marmandais» клуби 17 ёшли регбичиси Клеа Менье учрашув вақтида олган оғир жароҳати оқибатида вафот этди. Бу ҳақда «RMC Sport» ва Франциянинг маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Ҳодиса 17 октябрь куни Лот-э-Гаронна департаментида «Agen Agglo Rugby» жамоасига қарши ўтказилган ёшлар учрашувида содир бўлган. Баҳс давомида Менье бошидан кучли зарба олган. Шундан сўнг унинг юраги тўхтаб қолган. Тиббиёт ходимлари майдондаёқ реанимация чораларини кўрган ва спортчи шифохонага олиб кетилган.
Бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган. Клуб регбичининг вафоти ҳақида 21 октябрь куни маълум қилган.
Франция регби федерацияси марҳуманинг оиласи ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, ҳодиса сабабларини аниқлаш учун барча чоралар кўрилишини маълум қилган. Фожиадан жабрланган жамоадошлари ва бошқа иштирокчилар учун психологик ёрдам ҳам ташкил этилган.






























Изоҳлар 0
…