23:16 / 08.07.2017
3 290

Абрамов, Инилеев, Қосимовларнинг қайтиши омадли кўриниш олдими?

Абрамов, Инилеев, Қосимовларнинг қайтиши омадли кўриниш олдими?
Ўзбекистон чемпионатининг жорий мавсуми ўзгача ўтаётганига яна бир исбот шуки, бир вақтлар миллий терма жамоамизни бошқарган 3 нафар мураббий айни пайт олий лига клубларида ишлаяпти.

Рауф Инилеев, Вадим Абрамов ва Миржалол Қосимов - бу мураббийлар вақтида юртимиз футболидаги энг олд мутахассислар қаторида юришарди. Бироқ бой тажрибаларига қарамай, орада узоқ вақт ишсиз қолишди.

Ниҳоят, бу йил аввалига Рауф Талгатович, кейин бирин-кетин Миржалол Қўшоқович ва Вадим Карленович ўзларини яна катта футболга уришди. Аммо бу қайтиш қай даражада омадли чиқди?

Буниси энди баҳсли масала...

ИНИЛЕЕВ

Рауф Талгатович аввал Ўзбекистон олимпия термаси, кейин эса миллий жамоа бошқарувида олиб борган иши билан нафақат юртимиз, балки бутун қитъада маълум даражада обрў орттирганди. У Осиёнинг энг яхши мураббийи мақомини айнан ўша вақтларда қўлга киритди. Аммо терма жамоадан кетгач, фаолияти негадир кўпчилик ўйлагандек тус олгани йўқ. Энг ажабланарли томони, олий лига етакчиларидан Инилеевга ҳеч қандай талаб бўлмади, ўртамиёналар билан олиб борган иши эса ўхшамади.

Ҳа, Рауф ака «Бухоро»да бир муддат ишлади, аммо ўшанда клуб олдига жиддий мақсад қўйилмагани боис, таркиб ҳаминқадар эди. Умуман, Инилеев қўлидан келганини қилди, аммо... Оқибатда бу ҳамкорлик узоққа чўзилмади. Мураббийнинг кейинги фаолияти хорижда давом этди.

Ҳам-юртимиз Қозоғистон чемпионати қуйи лигасида иштирок этган «Мақтарал» клубини бош мураббий сифатида бошқаришга рози бўлди. Бутун бошли мамлакат терма жамоасини анча омадли бошқарган мутахассиснинг хорижнинг қуйи лигасида фаолият юритиши бироз ғалати, албатта.

Аммо Рауф Талгатовичда танлов имконияти катта эмасди ва у Қозоғистонга йўл олди. Таъкидлаш жоиз, хориждаги иш мураббий учун катта тажриба мактаби бўлгандир, аммо айтарли обрў келтирмагани аниқ.

Мана, жорий мавсум бошланиши олдидан Инилеевга ниҳоят, олий лигадан таклиф тушди. Аслида «Обод» раҳбариятининг бу қарорини тушуниш бироз қийин. Боиси, ўтган йили Жаъфар Ирисметов анча самарали иш олиб борган ва клубни элитада сақлаб қолиш уддасидан чиққанди. Аммо раҳбарият унинг ўрнига тажрибалироқ мутахассис чорлашни маъқул кўрди. Инилеев учун эса янги жойдаги иш силлиқ бошланмади.

Аксига олиб, худди шу вақт бир пайтлари футболчилик даврида орттирган эски жароҳати панд берди. Натижада тизза операцияси ва у мавсумнинг дастлабки қисмини ўтказиб юборди. Кейин эса Инилеев «Обод»га кўниколмади ёки «Обод» Инилеевга.

Нима бўлган тақдирда ҳам, клуб бутун биринчи давра мобайнида 2тагина ғалабага эришди ва яна 3та ўйинда дуранг қайд этди. Қолган барча учрашувларда мағлубиятга учрагани ҳолда, айни турнир жадвалида сўнгги ўринда бормоқда. Рауф Талгатовичнинг тан олишича, жамоа аъзолари 3 ойдан буён маош олишмаяпти ва муваффақиятсизликда бунинг ўрни катта, албатта. Бироқ мураббий учун «Обод»даги ишидан сўнг жиддийроқ таклиф тушишига ишониш қийин...

АБРАМОВ

Вадим Карленович Ўзбекистон терма жамоасидан обрў билан кетган кам сонли мураббийлар сирасига киради. У истеъфога чиқарилган пайт кўплаб мухлислар ўз ҳайратларини яширмаган ва аттанг қилиб қолгандилар. Умуман олганда, мураббий термадан кетгач, кўп вақт ишсиз юрмади ва мамлакатнинг етакчи клубларидан бири - «Локомотив»ни бошқарди. «Темир-йўлчилар» анчадан буён чемпионликни орзу қилаётганлари сабаб, кўпчилик Абрамовдан бу вазифани уддалашини кутди. Тақдир ҳазилини қарангки, клуб ҳам, мураббий ҳам шунга қадар бирор марта олий лигада ғолиб чиқмаганди.

Аммо тарих ўзгаришсиз қолди - Карленович ушбу нохуш статистикани ўнглай олмади, «Локомотив» эса фақат у кетганидан кейингина чемпионлик маррасига етди. Хуллас, Абрамов учун «темир-йўлчилар» бошқарувидаги даврдан эсдалик сифатида миллий кубок ва юрак оғриғи қолди. Мураббий истеъфога чиққач, Москвада юрак тизимига боғлиқ жарроҳлик амалиётини ўтаб қайтганини энди ҳамма билса керак.

Унинг «Локомотив»даги фаолияти нима сабабдан муваффақиятсиз кечганини тушуниш қийин. Бир томондан олиб қараганда, Вадим Карленович термада ишлаганида ўзбек футболи учун янгилик бўлган ҳужумкор услубни таклиф этганди. Айнан шу фалсафа «Локомотив»­га ҳам мос келадигандек туюлди.

Чунки клуб савияли ижрочиларни ўз қанотига олганди. Бироқ 2,5 йиллик давр мобайнида «Локо» кутилган ўйинни намойиш қилолмади, барибир. Клуб раҳбариятининг сабр косасига сўнги томчи «Қўқон-1912»га қарши сафарда кечган ўйинда томди. Яъни ўша учрашувда 1:1 натижаси қайд этилгач, Абрамов истеъфога чиқарилди.

Вадим Карленовичнинг катта футболга қайтиши учун анча вақт талаб қилинди. Бироқ унда Инилеевдан фарқли ўлароқ, танлаш имконияти мавжуд эди. Зеро, мураббийга бир қатор клублардан таклиф тушди. Аммо Карленович Тошкентдан четга чиқишни истамади ва пойтахт клубларидан таклиф кутди. Бу орзуси ҳали-вери рўёбга чиқмаслиги ойдинлашгач эса, «Нефтчи»ни танлади. Биласиз, мураббийнинг Фарғонадаги ишлари ҳозирча юришмай турибди. «Нефтчи» унинг бошқаруви остида 4та ўйинда майдонга тушди ва бирорта ғалабага эришолмади. Бу эса табиийки, анча-мунча омадсиз-ликдир... Энди бор умид иккинчи даврага қаратилган. Айтишларича, Абрамов «Нефтчи»да таркиб борасида катта ўзгаришларни амалга оширмоқчи. Жамоадан 9 нафар футболчининг кетиши айтилди. Улар ўрни кимлар билан тўлдирилиши эса ҳозирча номаълум.

ҚОСИМОВ

Миржалол Қўшоқовичнинг мураббийлик қисматига «Бунёдкор» клуби ва Ўзбекистон термаси ўртасида сарсон юриш битилган кўринади. Ахир у бу соҳада фаолият бошлабдики, фақат шу икки жамоани бошқармоқда. Эътибор беринг, Қосимов 9 йил бадалида «Бунёдкор»да 3 марта ва Ўзбекистон терма жамоасида 2 марта бош мураббий сифатида ишлашга улгурди. Шу билан бирга охирги 2 йилни ишсиз ўтказишига тўғри келди.

Унинг клуб ва терма жамоадаги даврини бир-бирига ўхшамаган икки ҳикояга қиёслаш мумкин. Агарда «Бунёдкор»нинг энг яхши даврлари айнан Миржалол Қосимов билан боғлиқ бўлса, Ўзбекистон термасининг омадсизлигида мудом у айбланди. Шунга монанд, мухлислар муносабати турлича.

Умуман, юртимизда Қосимовга бефарқ қарайдиган мухлис топилмаса керак. Бу масалада 2 хил ёндашув бор - уни ўта ёмон кўришади ёки қаттиқ ҳурмат қилишади. Ўзбекистон термасидан истеъфога чиқарилгач, мухлислар нечоғли қувонган бўлсалар, «Бунёдкор» тарафкашлари унинг қайтишидан шунчалик шодланишди.

Бироқ Миржалол Қўшоқовичнинг «қалдирғочлар» бошқарувига бу сафарги қайтиши ҳозирча ўхшамайроқ турибди. «Бунёдкор» охирги 6та ўйинидан 2тасидагина ғалаба қозонди, дуранг ва мағбулиятлари сони ҳам шунча. Бундай статистика жамоага ярашмаслиги турган гап. Гарчи ғалабалар «Қўқон-1912» ва «Локомотив» каби етакчиларга қарши ўйинларда қўлга киритилган бўлса ҳамки, Миржалол Қосимовнинг ишини ҳозирча ижобий баҳолаш мушкул.

Ҳа, Ўзбекистон терма жамоаси собиқ устозларининг олий лигадаги фаолиятлари ҳозирча шундай нотекис кечмоқда. Хўш, вақтида мамлакатнинг энг сара футболчиларини бошқарган мураббийлар ички биринчиликда нима сабабдан яхши ишлай олмаяптилар? Ўз ўрнида бу саволга атрофлича жавоб қидирдик ва 3 та сабаб топдик.

1. ЎЗГАРИШ

Рауф Инилеев олий лигада охирги марта 7 йил олдин ишлаганди, Миржалол Қосимов эса элитага 4 йиллик танаффусдан кейин қайтди. Улар орасида Вадим Абрамов нисбатан тажрибали ҳисобланади - «Локомотив»дан кетганига энди 2 йил бўлди. Бироқ шу 2 йил давомида ҳам олий лига анча-мунча ўзгаришларга учраганини ҳеч ким инкор этмаса керак. Хуллас, бу мураббийлар олий лига жамоаларида фаолият юритган вақтлар ички биринчилигимиз мутлақо бошқача ҳолатда эди.

Чемпионлик учун кураш асосан 2та жамоа ўртасида кечарди - «Пахтакор» ва «Бунёдкор». Вадим Абрамов минг уриниб ҳам, бу жамоалардан «нон»ни тортиб ололмаганди, ҳарқалай. Ахир 2-3 йилча олдин ҳам «шерлар» мавсум бўйи 2-3та ўйинда очко йўқотишлари мумкин эди. Шунингдек, Миржалол Қосимов ҳам «Бухоро» ва «Навбаҳор»га ўхшаш клублардан осонгина очко олишга ўрганиб қолганди. Энди эса ўзи очко йўқотишга мажбур. Шундай экан, ҳозирги олий лига билан аввалгисини ўзаро таққослаш мантиққа зид.

2. ТАЖРИБА

Рауф Инилеев илгари ўртамиёна клубларда ишлаб кўрган, Вадим Абрамовда ҳам шундай тажриба озми-кўп мавжуд. Аммо шунга қарамай, ҳар иккисида аутсайдерлик кўникмаси йўқ. Олий лигада бу йил кураш жуда қизғин кечмоқда. Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу-қуруқ баравар ёниши хусусида гап бор. Инилеев ва Абрамов ўша ёнғин ичида қолиб кетишмоқда, гўё.

Миржалол Қосимовда эса бундай тажриба мутлақо йўқ. У бошқарган жамоа ҳеч қачон 2-ўриндан пастга тушмаганди. Ҳозир эса «қалдирғочлар» медаллар учун кураш эмас, балки юқори ўнликка кириб, лоақал ўртамиёналик мавқеини мустаҳкамлаш ҳақида ўйлашга мажбурлар. Қолаверса, Қосимов футболчилик даври ҳам мудом етакчилар сафида юрган, мураббий сифатида йилига лоақал битта соврин ютарди. Энди эса...

3. ТАРКИБ

Ўзбекистон терма жамоаси сафида энг сара футболчилар тўп суришади. Шунингдек, ички биринчиликнинг етакчи клубларида ҳам. У ёғини сўрасангиз, ўртамиёна клубларда ҳам ўзига яраша кучли футболчилар бор. Гапнинг индаллоси, Рауф Инилеев, Вадим Абрамов ва Миржалол Қосимов ишлаган жамоаларда ҳар доим савияли футболчилар тўп суришган. Энди эса улар ихтиёрларида бор таркиб билан ишлашга мажбурлар. Бир ўйлаб кўринг, шундай шароитда Инилеев тезкор, Абрамов ҳужумкор ва Қосимов юқори самарали прагматик ўйинни йўлга қўя оладими? Жавоб беришда кўп бош қотиришга ҳожат йўқ. Рауф Инилеевда ҳозирги вазиятни ўзгартириш имконияти анча пастлиги тайин.

«Обод» бу кетишда катта эҳтимолки, олий лигадан тушиб кетади, агар тарқаб кетмаса. Жамоанинг молиявий аҳволи шундай гапиришни тақозо этмоқда. Аммо Вадим Абрамов ва Миржалол Қосимов учун ҳаммаси ҳали олдинда. Бу мураббийлар иккинчи давра олдидан таркибда ўзгариш ясаш имкониятига эгалар.

Шу ҳолатида ҳам «Бунёдкор» энг сара футболчиларни ўз таркибида ўйнашга кўндира олади. Шунингдек, «Нефтчи»нинг шонли даври ортда қолгани билан анча-мунча ўйинчи Фарғона клубида тўп суриш вариантидан бош тортмаса керак. Кўрамиз, олий лиганинг иккинчи давраси қандай кечаркин? Айниқса, миллий жамоанинг собиқ бош мураббийлари ҳозирги ҳолатдан қандай чиқиб кетишлари (ёки бунга уринишлари)ни кузатиш ҳам қизиқ...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абрамов, Инилеев, Қосимовларнинг қайтиши омадли кўриниш олдими?